23:02 / 18.02.2021
4928
БМТ бош котиби жами вакциналарнинг 75 фоизини захиралаб қўйган бой давлатларни танқид қилди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш коронавирусга қарши вакциналарнинг тарқатилиши “дунё ҳамжамияти учун энг катта маънавий синов” эканини айтди. У, шунингдек, дунёдаги жами вакциналар ҳажмининг 75 фоизини ўзига захиралаб қўйган 10та энг йирик давлатни танқид қилди. 

Фото: AP

Гутерриш бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашининг коронавирусга қарши эмлашга бағишланган йиғилишида айтиб ўтди. БМТ раҳбари “Катта йигирматалик” давлатлари доирасида вакциналарнинг дунё миқёсида тарқатилиши масалалари билан шуғулланувчи ишчи гуруҳни ташкил қилишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Гутерриш айни вақтда эмлаш жараёни адолатсиз ўтказилаётганини таъкидлаб ўтди: дунёнинг 10та энг йирик давлати коронавирусга қарши вакциналарнинг жами ҳажмининг 75 фоизини ўзига захиралаб қўйган ҳозирги вақтда, 130та давлат ҳали бирор дона вакцина олмаган. “Агар вирусга ўрмон ёнғини каби тарқалишга йўл берилса, у такрор ва такрор мутация қилаверади. Бу эса пандемиянинг чўзилишига олиб келиши ва вирусни ҳақиқий ўлатга айлантириши мумкин”, деб айтган БМТ бош котиби. 

Шу муносабат билан БМТ етакчиси глобал эмлаш режасини ишлаб чиқишни таклиф қилган. У «G-20» мамлакатлари ушбу режани тузиш бўйича фавқулодда тезкор гуруҳ ташкил қилиши керак, деб ҳисоблайди.

«Биз жорий йил охирига қадар Covid-19’га қарши 2 миллиард доза вакцина сотиб олишни режалаштиряпмиз. Бу ҳар йили 100та давлат номидан сотиб олинадиган 2 миллиард дозага тенг бошқа вакциналар миқдорига қўшимча ҳисобланади», деди БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) раҳбари Генриетта Фор.

ЮНИСEФ дунёнинг етакчи авиакомпаниялари билан ҳамкорлик қилишини эълон қилди. Улар жамғармага бутун дунё бўйлаб вакциналарни етказиб беришда ёрдам беради.

Аввалроқ, Болалар жамғармаси Pfizer компанияси билан COVAX ташаббуси доирасида 40 миллион доза вакцина етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаганди.

Вакциналар тақсимланиши масаласи халқаро ташкилотлар томонидан биринчи марта кўтарилаётгани йўқ. 2020 йил декабрдаёқ People`s Vaccine халқаро альянси иштирокчилари, жумладан Amnesty International, Frontline AIDS, Global Justice Now ва Oxfam кабилар паст даромадли 70та давлатда 10 кишидан 9 нафари 2021 йилда коронавирусга қарши эмланмаслигини, чунки ҳозирда ишлаб чиқарилаётган вакциналарнинг аксарият қисми бой давлатлар томонидан сотиб олинганини айтишган. Альянс ўшанда аҳолиси дунё аҳолисининг 14 фоизини ташкил қилувчи бой давлатлар коронавирусга қарши истиқболли вакциналарнинг 53 фоизини сотиб олгани ва бу ҳажм уларга ўз аҳолисини бир неча марта эмлашга етиши мумкинлигини айтганди. 

Ҳозирда вакциналар сотиб олиш борасида Канада етакчилик қилмоқда. У ўз аҳолисини 4 марта эмлашга етадиган вакцинани захиралаб қўйган. Moderna компанияси ишлаб чиқарган ҳамма вакцина ва Pfizer/BioNTech компанияларининг 96 фоиз вакцинаси бой давлатлар томонидан сотиб олиб бўлинган. Альянс вакцина ишлаб чиқарувчиларни кўпроқ вакцина ишлаб чиқариш учун ЖССТ орқали ўз технологиялари билан бўлишишга чақирган.

Top