10:10 / 19.02.2021
4931
АҚШ Трампнинг Эронга қарши санкцияларни тиклаш ҳақидаги илтимосини қайтариб олди
Фото: Global Look Press

АҚШ собиқ президент Дональд Трамп маъмуриятининг Эронга қарши БМТ санкцияларини тиклаш ҳақидаги илтимосномасини қайтариб олиши ҳақида БМТни хабардор қилди.

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақидаги мактубни БМТ Хавфсизлик кенгашига АҚШнинг БМТдаги вакили вазифасини бажарувчи Ричард Миллс топширди.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Германия, Франция, Британия ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда Жо Байден маъмурияти Эрон билан ядро келишувини бажаришга қайтиш бўйича музокаралар бошлашга тайёрлигини маълум қилган.     

Ферваль бошида Bloomberg ахборот агентлиги Байден маъмурияти Эроннинг молиявий ҳолатини унга қарши киритилган иқтисодий санкцияларни бекор қилмаган ҳолда енгиллаштириш вариантларини кўриб чиқаётганини маълум қилганди. Маълумотларга кўра, Теҳронга ёрдам сифатида коронавирусга қарши кураш учун Халқаро валюта жамғармаси кредитлари берилиши кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, АҚШ Эронга коронавирусга қарши курашда халқаро ёрдам кўрсатилишига тўсиқ бўлаётган баъзи санкцияларни юмшатиши мумкин.  

АҚШ Эронга қарши биринчи санкцияларини 1970-йилларда киритган. Ўшандан бери Вашингтон Эрон иқтисодиётининг турли тармоқларига босимни кучайтириб келган. 2015 йилда Вашингтон Эрон билан ядро келишуви тузилгандан кейин санкцияларнинг бир қисмини бекор қилганди. Бироқ кейинроқ Дональд Трамп маъмурияти Эрон ядро қуроли ишлаб чиқиш режасидан қайтмаганини айтиб, санкцияларни тиклаганди.

Top