18:48 / 20.02.2021
2801
«Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти Муборакдаги «Алан» ва «Зеварда» станциялари қурилишини кўздан кечирди

Қашқадарё вилоятида табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганаётган «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги «Алан» ва «Зеварда» конларида ҳам бўлди.

Инвестицион лойиҳа доирасида «Алан» ва «Зеварда» конларида қурилаётган паст босимли сиқув компрессор станцияларидаги сўнгги босқич қурилиш-монтаж ишлари ҳолати ўрганилди.

Сиқув компрессор станцияларини қуришда замонавий «Baker Hughes General Electric» (АҚШ) компанияcининг газтурбина ускуналари ва компрессорларидан, шунингдек, «Моторсич» (Украина), «Akcelik» (Туркия), «Denair Energy» (Хитой) компанияларининг ускуналари ўрнатилиш жараёни мутахассислар иштирокида кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси бу ерда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан ҳам танишиб чиқди.

«Enter Engineering» компанияси билан ўзаро ҳамкорликда қурилаётган паст босимли сиқув компрессор станцияларининг қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга тушириш-созлаш олди ишлари босқичма-босқич олиб борилаётгани бўйича бошқарма компрессорларни ишлатиш бўлими бошлиғи Марат Исрафилов маълумот берди.

Ўз навбатида, қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни узлуксиз назорат қилиш борасида масъулларга топшириқлар берилди.

Инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши, ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг олиб борилиши, мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги қоидалари ва талабларига қатъий риоя қилиш, компрессор станциялари ходимларини юқори сифатли тайёрлаш, шунингдек, ишга тушириш-созлаш ишларини юқори сифатда бажариш кераклигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, «Алан» конидаги сиқув компрессор станцияси кунлик 9,1 млн куб/метр қувватга, «Зеварда» конидаги сиқув компрессор станцияси эса кунлик 9,5 млн куб/метр қувватга эга.

Ушбу инвестициявий лойиҳалар ишга туширилиши натижасида углеводород қазиб олиш ҳажмини барқарор сақлаб туриш ҳамда янада оширишга эришилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top