10:29 / 20.02.2021
3318
«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида «Кўкдумалоқ» конида табиий газ ва нефть қазиб чиқариш масаласида йиғилиш ўтказилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилояти ҳудудида табиий газ ва нефть қазиб чиқарилишини ҳолатини ўрганмоқда.

Шунингдек, Бошқарув раиси бошчилигида «Кўкдумалоқ» конида Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб олиш бошқарма бош мутахассислари, мажмуа ва кон бошлиқлари иштирокида табиий газ ва нефть қазиб олиш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда жорий йилнинг ортда қолган даврида табиий газ ва нефть қазиб олиш кўрсатгичлари танқидий кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 1 млн куб метрга ошириш бўйича барча зарурий чоралар кўриш ҳамда биринчи чоракда 4063.3 млн куб метр табиий газ қазиб чиқариш бўйича топшириқ берди.

Ўз навбатида, бурғилашдан чиққан 4та қудуқ ўз вақтида жиҳозланмагани кескин танқид қилинди.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида конлардан қазиб олинаётган нефть, газ ва конденсат ҳажмининг камайишини олдини олиш бўйича мажмуа ва кон бошлиқлари билан алоҳида конлар кесимида муҳокама ўтказилди.

Бошқарув раиси қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, камайишни олдини олиш бўйича чоралар кўриш кераклигини, бунинг учун барча шароитлар яратиб берилганини таъкидлаб ўтди.

Қазиб чиқариш ҳажми камайишини олдини олиш бўйича барча кон бошлиқлари, масъул мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Жумладан, бурғилаш ишлари олиб борилаётган қудуқларнинг шлейф қувурларини қисқа вақт ичида тортиш ва қудуқларни ўз вақтида мукаммал таъмирдан чиқариш кераклиги бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда бошқармалар олдига қўйилган нефть, газ ва конденсат қазиб олиш кўрсаткичларини бажарилиши бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг бажарилишини конлар кесимида, ҳар бир мажмуа ва кон бошлиқлари билан алоҳида гаплашган ҳолда мавжуд муаммоларни ўрганиб бартараф этиш бўйича керакли мутахассисларга кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш сўнггида, табиий газ қазиб чиқарилишида мавжуд камчиликларга йўл қўйган масъул ходимлар, тегишли мутахассисларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилиши ва лавозимдан олиш масаласи кўриб чиқилиши маълум қилинди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top