12:32 / 21.02.2021
13580
«Устоз шогирдни сеҳрлай олиши керак» – юзлаб ўқувчилари талаба бўлган тошлоқлик ўқитувчи билан суҳбат

Халқимизда «устоз отангдек улуғ» деган нақл бор. Ҳар бир шахснинг камол топиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида, оқ-у қорани ажратишида, албатта, устознинг алоҳида ўрни бор. Ўқувчиси ёки шогирдининг ўқиб-ўрганиб, етук шахс бўлиб етишганидан боши осмонга етмаган устознинг ўзи топилмаса керак.

Kun.uz'нинг бу галги қаҳрамони Фарғона вилояти Тошлоқ тумани халқ таълимига қарашли 6-ўрта таълим мактабнинг биология фани ўқитувчиси Камолиддин Розиқов бўлди.

Яқинда вилоятга ташриф буюрган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирда халқ таълими тизими фидойиларининг бир гуруҳини тақдирлади. ОТМга ўқувчилари ўқишга киришда намунавий натижаларни кўрсатгани учун Камолиддин Розиқов ҳам вазир томонидан «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Вазир Камолиддин Розиқов сабабли мактаб битирувчиларининг аксарияти айнан биологияга боғлиқ тиббиёт ва фармацевтика йўналишларидаги олийгоҳларга киришгани, ўқитувчи шогирдларининг ҳам кўпчилиги айнан биология йўналишини танлашганини алоҳида эътироф этди.

Камолиддин Розиқов 1983 йилда Тошлоқ туманининг Кўмирчилик қишлоғида туғилган. 1999 йил шу мактабнинг 9-синфини тамомлаб, Фарғона давлат университети қошидаги 11-сонли лицей-интернатда ўқишни давом эттирган.

Лицей-интернатдан сўнг у Фарғона давлат университетига ўқишга кирган. 2005 йил олийгоҳни тамомлаб, ҳозирги кунга қадар биология фанидан ёшларни олий таълим муассасаларига тайёрлаб келяпти.

Қаҳрамонимиз билан суҳбат ёш авлодни тарбиялаш, уларни фанга йўналтириб, жамиятга керакли етук кадрлар қилиб етиштириш йўлидаги машаққатли жиҳатлар ҳақида бўлди.

«Айнан ўқитувчилик касбини танлашимга сабаб, мактабда ўқиб юрган пайтларимда, 7-синфлигимизда мактабимизга Камолиддин Ғаниев деган янги ўқитувчи келган. У ФарДУда олим, фан номзоди, доцент эди. У инсон бир марта дарс бергандаёқ келажакда мен ҳам шу инсонга ўхшаб ўқитувчи бўламан, деб ният қилганман.

Камолиддин Ғаниев бир муддат бизга таҳсил бериб, яна университетга ишга ўтиб кетди. Кейин мен у инсоннинг орқасидан бориб, мени шогирдликка олишини сўрадим. Устознинг розилиги билан шогирд тушдим. Биология фанига қизиқишим шундан бошланган.

Университетда ташкил қилинган лицей-интернатда ўқишни давом эттирдим. У ерда яхши билим олиб, ФарДУнинг ҳарбий таълим факультетига ўқишга кирганман. Ўқишга киргунга қадар биология фанига шу қадар қизиқиб кетганманки, ўзим билмаган ҳолатда фанни мукаммал ўрганганман.

1-курсдан бошлаб абитуриентлар учун репетиторлик ташкил қилдим. Ўқишдан ажралмаган ҳолатда жиянларимни биологиядан тайёрлашни бошладим. Бу орада бир абитуриентни ўқишга тайёрладим. У талабаликка қабул қилингандан кейин менда бу соҳага нисбатан иштиёқ пайдо бўлди. «Демак, мен шу соҳани танлаб, ўқитувчилик қилсам бўлар экан», деган хулоса пайдо бўлганди ўшанда. Кейинги йил ўз-ўзидан ўқувчиларим сони кўпайиб кетди.

Ўқишни тамомлаб, халқ таълими бошқармасига ишга кирдим. У ерда бир йил фаолият юритиб, биология фанидан қайта тайёрловни тугатдим. Менда шундай мақсад бўлди: Ўзимнинг шахсий мактабимни ташкил қилиб, у ерда ўзим хоҳлагандек етук мутахассисларни чиқараман. Бу ғоя ортидан хусусий мактабимга ҳам эга бўлдим. Киндик қоним тўкилган ҳудудда, ўзим вояга етган маҳаллада хусусий мактаб тамал тошини қўйдик.

Аллоҳга шукр, шу соҳа ортидан кам бўлмадик. Вилоятимиз, қолаверса, бутун водий ва пойтахтда шогирдларим бор. Улар орасида соҳани мукаммал ўрганиб, хусусий клиника очганлар ҳам бўлди. Касбим ўзимга жуда ёқади. Бу касбга ўзгача меҳр берганман.

Ҳозирги кунда ёшларни ўқитиш жараёнида шу нарсага гувоҳ бўляпманки, кўпчилик ёшлар билан ишлаш оғирлигини айтади. Мен бу фикрга кўп ҳам қўшилмайман. Сабаби, устоз ёшлар билан дўст тутиниши керак. Жоиз бўлса, ўқувчи устозини ўз яқин қариндоши сингари ўзига яқин олиши керак, деб ҳисоблайман. Оддий қилиб айтадиган бўлсам, устоз шогирдни сеҳрлай ола билиши керак. Ўшанда ўқувчи устознинг йўлидан юради. Табиатан оғир характерли ўқувчини ҳам тўғри йўлга солса бўлади. Фақат бунга тажриба керак бўлади, албатта.

Ҳар йили олий ўқув юртига кираётган шогирдларим сафи кўпаймоқда. Ўтган йили 350 нафар ўқувчим олий ўқув юртига талабаликка қабул қилинди. Ундан аввалги йили эса 300 нафар ўқувчим талаба бўлганди. Буларнинг барчаси меҳнатим маҳсули, деб биламан.

Кун тартибим шундан иборатки, эрталаб 6-мактабга келиб, ўз дарсимни ўтаман. Ундан кейин қўшимча тўгаракларимиз хусусий мактабда бўлади.

Янги ташкил қилинган мактабда фақат чуқурлаштирилган фанлар эмас, имкон даражасида бошқа фанларни ҳам кенг кўламда ўргатмоқчиман. Биология, химия, она тили, тарих фанларини ўзбек тилида эмас, балки чет тилида ҳам ўқитишни мақсад қилганман. Келажакда ёшларимизни асосий 5та фандан эмас, бошқа фанлардан ҳам яхши билимга эга қилиб чиқармоқчимиз.

Давлатимиз хусусий мактабларни ривожлантиришга кенг имконият яратиб берди. Кучим етганича бу мактабни ўзим қуряпман. Секин-асталик билан ҳаммаси бўляпти, Яратганга шукр.

Мақсадим — 3 нафар ўғлимни дунё тан оладиган етук кадрлар қилиб тарбиялаш. Ота-онам биз учун доим қўллари дуода. Турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи.

Узоқ йиллардан буён қилган машаққатли меҳнатим самарасини бугун кўрдим. Мени таълим соҳасидаги юксак мукофот — «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонига сазовор кўришди.

Менга билдирилган ишончни оқлашга ваъда бераман. Ёш авлодни ўқитиб, тарбиялаб, илм-фан чўққиларини забт этиш, Ўзбекистонни дунё тан оладиган даражага кўтариш зиммамда турган энг олий мақсадимдир», — дейди суҳбат давомида Камолиддин Розиқов.

Ўқитувчининг келажакдаги режалари жуда кўп. Аллақачон бутун вилоятда машҳурликка эришган устоз шижоати, фанни ўқувчиларга етказиш маҳорати таҳсинга лойиқ. Устоз билан суҳбатимиз якунига етиб хайрлашар эканмиз, унинг машаққатли ва ўз ўрнида шарафли бўлган иш фаолиятига муваффақиятлар тиладик.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Top