11:50 / 22.02.2021
11458
Калтаклангани учун дўконни ёқиб юбориб, фуқароларга 600 млн сўмлик зарар етказган шахслар қамоққа олинди

2021 йилнинг 14 февраль куни соат 19:00ларда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Гулистон мавзеси ТҲАЙ кўчасида “гумма” сотувчи Ёдгор А. гумма сотиш учун мўлжалланган столини йиғиштириб аравага ортаётган вақтида, унга илгари тан жароҳати етказиб, ҳақорат қилган Саиджон С. Жавоҳир Т. билан “Lacetti” русумли автомашинада келган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар Ёдгор А.ни тўхтатган вақтида, у ушбу автомашинанинг олд ва икки олд эшиклари ойналарини аравада бўлган стол оёғи билан уриб синдириб, ушбу стол оёғи билан Саиджон С.га ҳам тан жароҳати етказган. Ушбу жанжалга Ёдгор А.нинг қариндоши Баҳодир К. ҳам қўшилиб, қўлидаги темир қувур (труба) билан Саиджон С.га тан жароҳати етказган.

Ушбу жанжалдан сўнг, 2021 йилнинг 15 февраль куни соат 04:50да, Саиджон С. ва Жавоҳир Т. қасд олиш мақсадида, Баҳодир К.га тегишли, укаси Комил К.нинг номида бўлган, Зангиота тумани Эшонгузар қўрғони ҳудудидаги “Ҳалима ҳожи она” мебеллар дўконига қасддан ўт қўйиб, жами 500 млн. сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинганлар. Натижада, ушбу мебеллар дўконига туташган “Grant Builder” МЧЖнинг сотув маркази биносининг бир қисмига ҳам ёнғин ўтиб, 100 млн. сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Саиджон С. ва Жавоҳир Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Саиджон С. ва Жавоҳир Т. жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, Ёдгор А. ва Баҳодир К.га нисбатан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ёдгор А. ва Баҳодир К. ҳам жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Top