12:24 / 22.02.2021
4328
Олимлар коронавирусни бошдан ўтказганларга вакцинанинг иккинчи дозаси керак бўлмаслиги мумкинлигини айтишди 
Фото: AP

Коронавирусни бошдан ўтказганларда вакцинанинг биринчи дозаси киритилгандан кейин унга чалинмаганларга киритилгандагидан кўпроқ даражада антитаналар ишлаб чиқарилади. Олимларнинг таъкидлашича, бундай кишиларга вакцинанинг иккинчи дозасини киритишга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин

Коронавирусдан соғайган одамнинг организми вакцинанинг биринчи дозасидан кейиноқ зарур иммун жавоб ҳосил қилади. Бу эса вакцинанинг иккинчи дозасига эҳтиёж қолдирмайди ва ҳозирда чекланган миқдорда ишлаб чиқарилаётган вакциналарни қолган одамлар орасида тақсимлашга имкон беради. 

The Wall Street Journal нашрининг маълум қилишича, Мэриленд университети тиббиёт мактабида бу борада тадқиқот ўтказилган. Тадқиқотда 59 нафар тиббий ходим иштирок этган. Олимлар тадқиқот давомида коронавирусни бошдан ўтказган 42 иштирокчида коронавирусга ҳали чалинмаган 17 иштирокчига нисбатан кўпроқ даражада антитаналар ишлаб чиқарилганини аниқлашди.

Шу билан бирга коронавирусни бошдан ўтказганларнинг организмида иммун жавоби шунчалар юқори бўлганки, у коронавирусга чалинмай вакцинанинг икки дозасини олган одамлардаги каби даражага етган. Коронавирусни бошдан ўтказган иштирокчиларда вирус эмлашгача 8-9 ой олдин аниқланган. Улар вакцина олганларидан, 1 ҳафта ўтибоқ антитаналар даражаси вирусга ҳали чалинмаганларга нисбатан 500 марта юқорироқ бўлган.

Коронавирусни бошдан ўтказган беморларда вакцинанинг биринчи дозаси киритилгандан кейин антитаналарнинг тезроқ ишлаб чиқарилиши ва юқорироқ даражага етиши кузатилади. Ҳақиқатан ҳам касалликка чалинганларга вакцинанинг бир дозаси етарли бўлса, қолган вакциналарни кўпроқ одамлар орасида тақсимлашга имконият пайдо бўлади. Шу билан бирга бир дозани киритиш билан кифояланиш таҳлил ўтказиш зарурияти сабабли қимматга тушиши ва кўпроқ меҳнат талаб қилиши мумкин. Таҳлил ўтказиш эса вакцинанинг бир дозаси кимга етарли бўлгани ёки бўлмаганини аниқлаш учун зарур бўлади. 

Исроилнинг Хаим Шиба номидаги тиббиёт маркази олимларининг таъкидлашича, Pfizer вакцинасининг бир дозаси ҳам юқори самарадорликка эга. Уларнинг айтишича, вакцина киритилгандан 15-28 кун кейин самарадорлик 85 фоизни ташкил қилган.

Top