15:03 / 22.02.2021
4944
Тошкентда тез ёрдам ходимлари калтакланиши бўйича жиноят иши очилди

18 февраль куни Тошкентда марҳумнинг яқинлари икки нафар тиббиёт ходимига тан жароҳати етказган эди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Пойтахт ИИББдан маълум қилишларича, 18 февраль куни тахминан соат 23:50ларда Яккасарой туманидаги, И.Иргашев номидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасидаги изолятор хонасида, 28 ёшли Ф.М. икки нафар таниши билан тез ёрдам 3-сонли подстанция шифокори 31 ёшли Д.У. ва фельдшер 20 ёшли А.А.ни калтаклаган.

Аниқланишича, Ф.М. онаси Д.Н.нинг ўлими шифокорларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашгани сабабли юз берган, деган фикрда бўлган.

Марҳум Д.Н. шу касалхонага тез ёрдам машинасида, клиник ўлим ҳолатида олиб келинган.

Ҳодиса оқибатида иккала тиббиёт ходими ҳам Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Жиноят иши ЖКнинг 277-моддаси («Безорилик») билан қўзғатилди. Ф.М.нинг икки нафар танишининг шахсига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез ёрдам бригадаси чақирув жойига 12 дақиқада етиб борганини маълум қилганди.

Вазирлик калтакланган иккала ходим ҳам реанимацияда экани, ҳолат юзасидан ҳуқуқ органларига мурожаат қилинганини билдирган.

Top