10:53 / 25.02.2021
34310
АҚШ Москвага қарши янги санкциялар қўлламоқда. Бу ҳақда нималар маълум?

АҚШ тез орада Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилиши кутилмоқда. Собиқ президент Дональд Трамп администрацияси муддатининг охирги вақтларида Solar Winds номини олган туркум ҳакерлик ҳужумлари ва Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатлар сабаб Россияга қарши санкциялар пакетини тайёрлаганди, лекин негадир Трамп уни имзоламади.

Оқ уй матбуот котиби Женнифер Псакининг айтишича, янги пакетлар яқин ҳафталарда эълон қилинади. «Разведкачиларга мурожаат қилдик, шунингдек, олдинги администрация бошлаган ҳужжатларни мукаммаллаштириш устида ишладик. Биз [Россияга] тез орада жавоб берамиз. Яқин ойларда эмас, ҳафталарда», деди Оқ уй матбуот котиби.

Ҳакерлар ва Навальний

Жорий йил январида АҚШ разведкачиларининг ўзаро йиғилишида мамлакатда Solar Winds рамзий номини олган туркум ҳакерлик ҳужумлари ортида катта эҳтимол билан Россия ҳукумати тургани ҳақидаги хулосага келинди. Бу киберҳужумлар давомида АҚШнинг 9та федерал агентликлари, хусусан, мудофаа, савдо, энергетика, ички хавфсизлик ва молия ташкилотлари ҳужумга учраган. Бундан ташқари, яна 100та хусусий компанияга рус ҳакерлари ҳужум қилган.

Янги санкция пакетлари эълон қилинишининг яна бир сабаби мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ҳисобланади. Байден ва Давлат департаменти раҳбари Блинкен ҳукумат алмашгач, бир неча бор янги администрациянинг вазифаси инсон ҳуқуқларини бузаётган Россияни жазога тортиш эканини айтиб келади. Байден президентликка келгач, биринчилардан бўлиб айнан Путинга телефон қилди ва ундан Навальнийнинг заҳарланиши борасида қайсидир маънода ҳисоб сўради. Оқ уй ва Давлат департаменти расман Навальнийни қўйиб юборишни сўраб чиқди.

Шу ўринда айтиш керакки, Байден санкциялар борасида Европа Иттифоқидан ортда қолмоқда. Иттифоқ Навальнийнинг заҳарланиши сабаб Россияга нисбатан санкцияларни эълон қилиб бўлди. АҚШ иттифоқнинг бу ишини олқишлашга ҳам улгурди.

Қандай санкциялар бўлиши мумкин?

Ўтган йил якунида Давлат департаменти Россияга қарши санкцияларни ишлаб чиққан ва катта эҳтимол билан улар янада кенгайтирилган. Шуниси аниқки, санкциялар рўйхати аниқ ва ОАВ улар қандай бўлишини тахмин қилмоқда. ВВС санкциялар уч турда бўлишини тахмин қилган.

Алексей Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россияга инсон ҳуқуқларини бузганлик бўйича санкциялар қўлланади. Худди «Магнитский акти» каби. Бу санкцияларга россиялик ҳарбийлар учраши мумкин. Хусусан, уни заҳарлашда қатнашгани айтилган ФХХ ходимлари. Бевосита Навальнийни заҳарлашда қатнашгани айтилган одамлар 1991 йилда қабул қилинган «Биокимёвий қурол тўғрисида»ги қонунга кўра алоҳида рўйхат қилиниши мумкин. Бу ишда қатнашганларнинг активлари музлатилиши ҳам санкцияларнинг бир қисми бўлади.

Давлат департаменти Россиядаги йирик амалдорларга мамлакатга кириш тақиқи қўйилиши билан бирга кимёвий қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг Россияга экспортини тақиқлашни таклиф қилмоқда. Яъни Россияга эълон қилинажак рўйхатда келтирилган маҳсулотларни сотган давлат ёки компания ҳам АҚШ санкциясига учрайди.

Оқ уй ҳозирча янги администрациянинг ташқи сиёсат бўйича йўл харитасини ишлаб чиққани йўқ, лекин Россияга қарши санкциялар янги режалар қабул қилингунга қадар эълон қилиниши мумкин. Чунки улар ўтган йилдаёқ эълон қилиниши керак эди ва Трамп ҳужжатни имзоламай кетиб қолди.

Экспертларнинг фикрича, Байден янги сиёсат бўйича режасини бемалол ишлаб чиқиши мумкин, лекин Навальнийга қилинган иш учун санкцияларни кечиктириб бўлмайди. Экспертлар Байден фақат шу тарзда Путиннинг агрессив сиёсатига тоқатсиз эканини кўрсатиши мумкинлигини айтишмоқда.

Трамп администрациясининг Россия ва Европа масалалари бўйича ишлаган мутахассиси Райан Талл Россияга қарши санкцияларда асосий эътибор Россия газ экспорти учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган «Шимолий оқим-2» қурилишига қаратилиши керак деб ҳисоблайди. «Бу Путинга тегишли сандиқларни миллиардлаб пуллардан маҳрум қилади», деган Талл.

Top