15:15 / 27.02.2021
15209
«Отам сутидан даво топгани учун туяларга меҳр қўйдим...» — Марказий Фарғона чўлларидаги туячилик хўжалиги раиси

Ҳайвон боқиш, унга меҳр бериш — азалдан халқимизда шаклланган одат. Қишлоқларда бирор хонадон йўқки, ҳайвон парвариш қилинмаса. Ақалли товуқ бўлса ҳам боқилади. Ҳайвон парвариши оила учун қўшимча даромад манбаи ҳам.

Бу сафарги ҳикоямиз Фарғона вилояти Риштон туманининг Марказий Фарғона чўлларида бир неча йилдан буён туячилик билан шуғулланиб келаётган Асроржон Ҳикматовнинг фермерлик фаолияти ҳақида.

Туя парваришининг ўзига хос жиҳатлари, хўжалик ишчиларининг кунлик иш фаолияти билан танишиш учун фермер хўжалигида бўлдик.

Маълум бўлишича, туялар кунига 3 маҳал: эрта тонгда, тушлик ва кечки пайтда соғилар экан. Саҳарги соғиш жараёнининг гувоҳи бўлиш учун эрта тонгдан Риштон сари йўлга чиқдик.

Бизни фермер хўжалик ишчилари самимий кутиб олиб, тўғри сут соғиладиган жойга олиб боришди. Ишчилар манзилгоҳидан то туялар оғилига етиб боргунча хийла пиёда йўл босдик.

Фермер хўжалиги ишчилари туя елинларини обдан сувда тозалаб ювиб, икки томондан соға бошлашди. Орада бўталоқлар ҳам сут билан сийланди.

«Бундан бир неча йил аввал дадамнинг тоби қочиб, узоқ вақт тўшакка михланиб қолган эди. Одамларнинг берган тавсиялари билан дадам ниҳоят туя сутидан даво топдилар. Ўшанда биринчи марта туяларга меҳрим уйғонган. Дадам ҳозиргача туя сути ичадилар. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида туя сути шифобахшлиги хусусида тўхталиб, таркибидаги витаминлар сигир сутига нисбатан уч баробар кўп бўлиши ҳақида таъкидлаган. Ибн Синонинг айтганлари рост бўлиб чиқди. Туя сутининг минг дардга даво эканига дадам мисолида ўз ҳаётимда амин бўлганман»,— дейди «Рошидон наслдор туялари» фермер хўжалиги раиси Асроржон Ҳикматов.

Кўз очиб юмгунча 4 бош туя соғиб бўлиниб, поёни йўқ яйловларга олиб кетилди. Бўталоқларнинг ёнига хашак солинди. Биз янтоқзорга одимлаб бораётган туяларнинг кетидан эргашдик...

«2013 йилда Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидан биринчи туяни олиб келганман. Энг севган жонзотим туя. Ҳаётимни уларсиз тасаввур қила олмайман. 2013 йилдан буён эрта-ю кеч туялар билан биргаман. Жами 31 туя бор, ундан 27 таси урғочи, 4 таси эркак», — дейди Асроржон Ҳикматов.

Ишчиларнинг айтишига қараганда, биз бу ерга келишимиздан бир кун аввал «Комила» исмли туя болалаган экан. Қизиқ, ҳар бир туянинг ўз исми бўлиб, уларни шу ном билан чақиришар экан.

N9pcIIll5aHKNdcEekn5phEypSSTnncq.jpg (900×600)

«Минг дардга даво сутни олиш учун вилоятлардан, Қирғизистон, Тожикистон, баъзида Россиядан келишади. Қанд касали ва жигар хасталигига чалинган беморларга олиб кетишади. Асосийси, туя сути қонни тозалайди.

Туркманистон билан шартнома тузиб, келажакда туялар сонини 100 тага етказиш режамиз бор. Бир литр туя сутининг ҳозирги кундаги нархи 35 000 сўм туради. Буни асосан дориликка сотиб олишади. Оғир хасталикка чалинган эҳтиёжманд беморларга сутни текинга берамиз», — дейди фермер хўжалиги раиси.

Ҳар бир соҳанинг ҳам ўзига хос оғир ва енгил жиҳатлари бор. Фермер хўжалигида ўтказган бир кунимизда шунга амин бўлдикки, туя боқиш ғоят қизиқарли касб экан.

«Аслида, бир кунда туя 10 литргача сут бериши мумкин. Лекин туяларимиз 2 литр сут беради холос. Чунки уларга қўшимча озуқа бермаймиз. Туялар яйловда янтоқ еб юради. Агар қўшимча ем берсак, сути кўпайиши мумкин, аммо бунда сутнинг шифобахшлиги йўқолади.

Туяларнинг бошқа жонзотлардан фарқи улар ниҳоятда ақлли бўлади. Лекин 5 та қорамолнинг хашагини ейди. Қўпол қилиб айтганда, ебтўймас бўлади туялар», — дейди А.Ҳикматов.

Асроржон Ҳикматовнинг айтишича, туяларнинг нафақат сути, балки жуни ҳам қадрланади:

«Туя жуни ҳам қимматбаҳо матоҳ сифатида 1 килоси 50 доллар туради. Ундан ёстиқ, кўрпа, кийим-кечак тикилади. Жунини келажакда четга экспорт қилиш ниятимиз бор».

th4gwDO-K4hx29x6i9-qkzXBIj8y9ZfT.jpg (900×600)

Асроржон Ҳикматов туя агар «оқ бўталоқ» туғиб берса, ҳақиқий байрам бўлишини, чунки оқ туя ноёб ҳисобланиб, ҳар замонда бир туғилишини айтиб берди.

«Туяларим орасида оқ туя бор. У азалдан қимматбаҳо ҳисобланади. Бу туя мен учун қадрлилиги учун харидорга 50 минг долларга сотмадим.

Ҳаммаси Яратгандан. Қўл остимда 9 нафар ишчи фаолият олиб боради. Уларни ойлик маош билан таъминлайман, 9 оиланинг қозони қайнаб турибди», — деди у.

Туячилик фермер хўжалигидаги бир кунлик ҳаёт билан танишиб ортга қайтар эканмиз, жонзотга бўлган ўзгача иштиёқ сўнмаслигини истадик...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Top