19:34 / 01.03.2021
6780
Дунё миқёсида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши кузатилмоқда

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши «айниқса ташвишга соладиган» ва фуқаролар норозилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган глобал «қайноқ нуқталар» рўйхати тузилди. Рўйхатга Россия, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия ва Нигерия каби йирик давлатлар киритилган.

Nicole Tung/Bloomberg

Хитой бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиши ва об-ҳаво ноқулай келиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сўнгги олти йилликда энг юқори кўрсаткичга етган.

Bloomberg агентлиги маълум қилишича, дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларининг инфляция даражаси ошишда давом этмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислиги сабаб йил бошидан бери Суданда норозилик намойишлари авж олди, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар Ливан ва Тунисда низоларни келтириб чиқарди, шунингдек, Ҳиндистонда деҳқонлар нархларни пасайтиришга қарши исён кўтаришди. Ҳозирда Бирлашган Араб Амирликлари сингари бой давлатлар ҳам баъзи озиқ-овқат маҳсулотларига нархлар чегараларини белгилаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Ҳар доимгидек, бу ҳолатнинг таъсири номутаносиб. Бой ғарб мамлакатларида, бу шунчаки маҳсулот харид қилишда унинг брендини алмаштириш билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо камбағал мамлакатларда бу ҳолат болани мактабга ёки пул ишлаш учун ишлашга юбориш ўртасидаги фарқни белгилаб беради», деб таъкидлади Вашингтонда жойлашган Петерсон халқаро иқтисодиёт институти ходими Куллен Ҳендрикс.

KC Nwakalor/Bloomberg

Bloomberg таҳлилчиларининг фикрига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши ўрта даромадли энг йирик мамлакатларга жиддий таъсир кўрсатади.

Лотин Америкаси мамлакатлари ичида бу ҳолат Бразилияда жиддий сезилмоқда. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши ва миллий валютанинг қадри пасайиши биргаликда кечмоқда. Натижада мамлакатда гуруч нархлари 76 фоизга, гўшт ва сут маҳсулотлари 20 фоизга қимматлашган.

Россияда умумий инфляция ва озиқ-овқат нархлари ошишига мамлакатдаги сиёсий беқарорлик ҳам таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги ҳафталарда дунёдаги биринчи рақамли буғдой экспорт қилувчи мамлакат маҳсулотни экспорт қилишни чеклаш ва ички нархлар пасайишига олиб келадиган тарифлар ва квоталарни жорий қилиш бўйича чораларни амалга оширди. Россиянинг энг йирик чакана савдо корхоналарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (хусусан, сабзи ва картошка) нархларини музлатиш бўйича низом тасдиқланган. Экспертлар март ойида тугаши кутилаётган чекловлар мамлакатда озиқ-овқат нархлари ошишига жиддий таъсир кўрсатишини таъкидлашмоқда.

Шунингдек, катта озиқ-овқат истеъмолчисига эга бўлган Туркияда январ ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 18 фоизга қимматлашган. Туркияда бир неча йилдан бери озиқ-овқат секторида инфляцияда икки хонали рақамларнинг қайд этилаётгани миллий валюта қадрсизланишига ва Туркия президентига нисбатан норозилик кайфиятини кучайтирмоқда.

АҚШдан кейин энг кўп ҳайдалган ерларга эгалик қилувчи, дунёдаги энг йирик гуруч экспортчиси ва буғдой етиштириш бўйича иккинчи ўринда турадиган Ҳиндистонда ҳукумат томонидан озиқ-овқат маҳсулотларига субсидия жорий қилиниши фермерлар томонидан исён кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

  • Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон озиқ-овқат секторида инфляция 15,3 фоизни ташкил этган. Шунингдек жорий йилнинг илк ойлари давомида озиқ-овқат нархларининг ошиши январ ойида 1,2 фоизни, февралда эса 0,6 фоизни ташкил этган. Глобал миқёсида озиқ-овқат нархлари қимматлашиши Ўзбекистонда ҳам импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи сезиларли равишда ошишига сабаб бўлиши мумкин.
Top