15:37 / 01.03.2021
51122
Кремль Байденнинг Қрим тўғрисидаги гапларига жавоб қайтарди
Дмитрий Песков / Фото: kremlin.ru

Кремль расмий вакили Дмитрий Песков АҚШ президенти Жо Байденнинг Қримни Россияники деб тан олмаслиги тўғрисидаги гапларига жавоб қайтарди.

Байден аввалроқ АҚШ Қримнинг эгаллаб олинганлигини ҳеч қачон тан олмаслигини айтганди.

«Қрим эгаллаб олинганини ростдан ҳам тан олиб бўлмайди. Бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти ҳам, чунки бундай бўлмаган», — деди Россия президентининг матбуот котиби.

Песков Қримнинг Россияга қўшилиши халқаро ҳуқуқнинг барча меъёрларига қатъий амал қилинган ҳолда юз берганини таъкидлади.

Жо Байден 26 февраль куни Россия халқаро ҳуқуқ ва замонавий давлатларнинг ўзаро муносабатлари меъёрларини, шунингдек, Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузган ҳолда «Қримга бостириб киргани»га етти йил тўлганини эслатиб ўтганди.

«Қўшма Штатлар бугунги кунда ҳам бу зиддият бошидан буён бўлгани каби Украина ва унинг иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу нохуш санада биз яна бир бор оддий ҳақиқатни таъкидламоқчимиз: Қрим — бу Украина. Қўшма Штатлар Россиянинг ярим оролни эгаллаб олганини ҳеч қачон тан олмайди, биз Украина билан бирга Россиянинг тажовузкор ҳаракатларига қарши турамиз», деганди у.

Қрим 2014 йил 16 мартда ўтказилган референдум асосида Россия таркибига киритилганди. Ўшанда Қримда РФ қуролли кучларининг ҳарбий бўлинмалари жойлаштирилганди, президент Владимир Путин бу ҳарбийлар «Қрим халқ мудофаа кучларига кўмак сифатида юборилгани» ҳақида айтганди. 17 март куни Қрим парламенти мустақиллик ҳақида фармон қабул қилиб, Қримни Россия таркибига субъект сифатида қўшиб олиш учун мурожаат қилади. 18 март куни Россия президенти Владимир Путин Қрим Республикасини мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида қарор имзолайди. Шу куннинг ўзида Россия ва Қрим респубикани ва Севастопол шаҳрини Россия Федерацияси таркибига киритиш бўйича келишув имзолашади.

2014 йил 27 март куни БМТ Бош ассамблеяси Украининг ҳудудий яхлитлигини тан оладиган резолюцияни қабул қилган. Унда референдум қонуний кучга эга бўлмаганлиги айтилган.

Top