19:13 / 01.03.2021
13321
Метан «заправка»лар иш вақти бўйича чеклов қачон бекор қилиниши номаълум – Энергетика вазирлиги

25 февралдан Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг газ узатиш графигига вақтинчалик чеклов қайта ўрнатилганди.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда берилган «Ҳудудгазтаъминот» изоҳида шундай дейилган: «... 24-27 феврал кунлари юртимизга совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати кечаси 20-25 даражагача совуқ бўлиши сабабли табиий газ истеъмоли ҳажмининг кескин ортиши кутилмоқда. Табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилишини инобатга олиб газ етказиб беришда айрим чекловлар киритилади».

27 февралдан буён ҳаво ҳарорати мунтазам кўтарилиб келмоқда ва 1 мартга келиб ўртача 13-18 даража илиқ бўлди. «Ўзгидромет» хабарига кўра, бу меъёрдан 2-4 даража юқори ҳарорат ҳисобланади.

Kun.uz мухбири бундай шароитда метан «заправка»лари фаолияти қачон изига тушиши бўйича маълумот олиш учун Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродова билан боғланди:

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)нинг газ тўлдириш ишлари эрталабки 05:00 дан – 15:00 гача бўлган вақт оралиғида белгилангани бўйича чеклов ҳозирча амалда. Ҳаво ҳароратининг барқарор юқори бўлиши билан бу чеклов бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда албатта расман хабар берилади», деди вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, бундай чеклов биринчиси эмас. Жорий йилнинг 4-5 январ кунларидан бошлаб АГТКШ учун чекловлар қўйилган, бу ҳайдовчи ва йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлганди.

Top