18:08 / 02.03.2021
2632
Қишлоқ хўжалиги кооперациясига аъзолик ихтиёрий этиб белгиланмоқда

Қишлоқ хўжалигида кооперация соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий муносабатларни бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўплиги, мавжуд нормаларни амалиётда қўллаш жараёнида кўп сонли масалалар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясида «Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалигида кооперация жараёнида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишининг ягона ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Ҳозирги кунда кооперация масалалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, Солиқ кодекси, «Кооперация тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида», «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолати тўғрисида»ги каби Қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинса-да, қонун ҳужжатларида кооперацияларнинг ўзига хос хусусиятлари тўлиқ даражада акс эттирилмаган.

Жумладан, қуйидаги ҳолатлар бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ўзаро кооперацияси муносабатларини йўлга қўйишга тўсқинлик қилмоқда:

  • Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кооперацияларини шакллантириш тизимининг мавжуд эмаслиги;
  • қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасида ахборот-маслаҳат хизматлари тизимининг кенг тарқалмаганлиги, соҳанинг ривожланишини мустаҳкамлашга лаёқатли ҳамда малакали мутахассисларнинг етишмаслиги;
  • қишлоқ аҳолисида кооперацияси тўғрисидаги билим даражаси етарли эмаслиги;
  • ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва эркин бирлашишга руҳий (психологик) жиҳатдан тайёр эмаслик, хўжалик юритишда ўз-ўзини бошқариш кўникмаларининг етишмаслиги;
  • кооперация тузилмаларини ташкил этишга агробизнеснинг ҳиссадорлик корхоналари, хусусий тадбиркорлар ва воситачилар томонидан қарши таъсир ва рақобатнинг мавжудлиги.

Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида «Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациялари фаолияти шаклининг асосий тамойиллари мустаҳкамланмоқда. Жумладан:

  • аъзоликнинг ихтиёрийлиги;
  • ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолиятида иштирок этаётган аъзолар учун ўзаро ёрдам ва иқтисодий манфаатнинг таъминланганлиги;
  • фойда ва зарарнинг аъзоларнинг шахсий меҳнати билан иштироки ёки хўжалик фаолиятдаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда улар ўртасида тақсимланиши;
  • хўжалик фаолиятида унинг аъзоси бўлмаган шахслар иштирокини чеклаш;
  • аъзоларни қўшимча пай бадали ва уюшган аъзоларни пай бадали бўйича тўланадиган дивидендлар миқдорини чеклаш;
  • фаолиятнинг ошкоралик асосида бошқарилиши, ҳар бир аъзо, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар, бир овозга эга бўлиши;
  • фаолият тўғрисидаги ахборотларни унинг барча аъзолари учун очиқ бўлиши.
Top