14:59 / 04.03.2021
7805
Содиқ Сафоев президент сайлови ва ишламаётган партиялар ҳақида гапирди

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Кирилл Алтманнинг «Alter Ego» лойиҳасига интервью берди. Суҳбат давомида 2021 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловлари ҳақида савол билан мурожаат қилинди.

«Менинг фикримча, бу йилги сайловлар аввалги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга баҳо бериш бўйича референдумга ўхшаш бўлади. Айнан шунинг учун у жуда муҳим. Сайловлар бошқача шароитда бўлиб ўтади, бугун Ўзбекистон ҳам, фуқаролик жамияти ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам, очиқлик ҳам умуман бошқача, баҳолаш даражаси қаттиқ бўлади. Менимча, вазифа оддий ва у икки қисмдан иборат. Биринчиси, энг асосийси, халқ бу ҳалол ва адолатли сайлов эканини кўриши керак. Иккинчиси, халқаро ҳамжамиятнинг сайловларни тан олиши. Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзодни мен кўрмаяпман. У шу ислоҳотлар ташаббуси билан чиқди. Менимча, унга кейинги муддат учун янги мандат берилиши Ўзбекистон келажаги учун ўта муҳимдир», деди Содиқ Сафоев.

Шунингдек, Сенат раиси биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, маълум бир синфлар, тузилмалар манфаатини ўзида акс эттирган ижтимоий-сиёсий институт, партиялар бугунги кунда ишламаяпти. 

«Айнан улар блогерлар, фуқаролик жамияти, ижтимоий тармоқлар томонидан олиб чиқилаётган масалаларни кўтариши керак. Айнан сиёсий партиялар аҳолининг турли қатламлари манфаатини акс эттирган сиёсий шиорлар ҳамда сиёсий дастурни шакллантириши ва илгари суриши лозим. Сизга бир маълумотни очиқлайман: президент уларни ҳақиқий сиёсий партия бўлишга ундайди, бу учрашувлар давомида ҳам юз беради. Улар учун барча шароит яратилган, таклифлари амалга оширилади. Яна ҳаммаси кадрлар, одамлар, уларнинг тайёргарлик даражасига бориб тақалади. Ишончим комилки, ҳозир жараён кетмоқда, бу умуман бошқа сиёсий партиялар бўлади. 

Агар биз ислоҳотларга баҳо бериш бўйича референдум ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ислоҳотлар унча ёқмаётган кишилар ҳам бор. Улар ҳозир кетаётган модернизация жараёни амалга ошишини истамайди, бунга турли сабаблар бўлиши мумкин. Аммо, бу ҳолатни ҳам акс эттирувчи сиёсий партиялар бўлиши лозим, одамлар шу масалани кўтариб чиқаётган партия номзодига овоз беришсин. Муқобил дастурлар, муқобил номзодларсиз сайловлар тўлақонли, адолатли ва ҳалол бўлиши мумкин эмас», деди Содиқ Сафоев.

Top