22:20 / 05.03.2021
10347
Коронавирус: Байден республикачи штатлардан ғазабда, ЕИ вакцина учун «жанг қилмоқда»

Европада вакцина учун жанг давом этмоқда - Италия вакцинанинг ўткир танқислиги туфайли AstraZeneca вакцинасининг Австралияга экспортини тақиқлади. Исроил, Австрия ва Дания ҳамкорликда вирус мутацияларига бардошли вакцина ишлаб чиқади. Сан-Диегодаги ҳайвонот боғида сутэмизувчиларни эмлашмоқда, зоологлар гориллалар ҳаёти учун ташвишда. 

Фото: Reuters

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Covid-19 пандемияси даврида бутун дунёда касалланганлар сони 115,6 млн кишидан ошди, қурбонлар сони 2,6 млн.га етган. АҚШ ҳамон бу борада энг ёмон кўрсаткичларни қайд этмоқда - 28,8 млн киши вирусдан зарарланган, 520,3 минг киши ҳалок бўлган.

АҚШ президенти Жо Байден мажбурий ниқоб тақиш режимини бекор қилгани учун Техас ва Миссисипи штатлари расмийларини «неандерталча фикрлаш»да айблади. Бу икки штат анъанага кўра республикачилар тараф ҳисобланади: бу штатларда губернаторлар Республикачилар партиясидан, электорат ҳам «қизиллар» учун овоз беради. Ноябрдаги сайловларда бу штатлар Дональд Трамп учун овоз берганди.

Байден губернаторларнинг қарорини хато деб атади. Унинг сўзларига кўра, вакцинация кампанияси шитоб билан олиб борилаётган бўлса-да, ҳали ҳам қатъий чораларга зарурат сақланиб қолмоқда.

Техас ва Миссисипи барча соҳалардаги бизнес фаолиятига ҳам рухсат бериб юборган. Республикачилар устунлик қиладиган бошқа қатор штатларда ҳам айрим чекловлар бекор қилинмоқда.

Вакцина учун жанг: Италия прецедент яратди
Италия ҳукумати Австралияга етказиб берилиши мўлжалланган AstraZeneca вакциналари партиясини тўхтатди. Гап Италиядаги заводлардан бирида тайёрланган 250 минг доза миқдоридаги AstraZeneca вакцинаси ҳақида кетмоқда.

Шу тариқа, Италия ЕИ давлатлари орасида тегишли чорани қўллаган илк давлат бўлди - Европа Иттифоқида агар ишлаб чиқарувчи европалик буюртмачиларнинг олдидаги мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда, ушбу вакцина ишлаб чиқарувчисининг маҳсулотлари ЕИдан ташқарига экспорт қилинишини тўсиб қўйишга рухсат берилган.

Австралия ҳукумати битта партияни йўқотиш вакцинация кампаниясига жиддий таъсир кўрсатмаслигини билдирган, шу билан бирга, бу вазиятда Италияни қўллаб-қувватлаётган Еврокомиссиядан бу қарорни қайта кўриб чиқишни сўраган.

Март ойи охиригача AstraZeneca Евроиттифоққа 2021 йилнинг биринчи чораги учун келишилган миқдорнинг атиги 40 фоизини етказиб бера олиши мумкин. Бу каби узилишлар Pfizer вакцинасини етказиб беришда ҳам кузатилмоқда.

Еврокомиссия томонидан ишлаб чиқилган эмлаш дастури ёмон ташкиллаштирилгани ва муддатларда кечикилаётгани учун танқидга учрамоқда. Расмий Брюссел эса бунда етказиб берувчилар ўз мажбуриятларини бажармаётганини сабаб қилиб келтирмоқда.

Европа чоралар кўради
ЕИ ички бозори бўйича еврокомиссар Тьерри Бретон Politico интернет нашрига берган интервьюсида Евроиттифоқ мамлакатлари агар зарурат туғилса, россияликлар ва хитойликларнинг вакциналаридан ҳам фойдаланиши  мумкинлигини айтди. Европа регулятори ҳозирча бу препаратларни фойдаланиш учун маъқулламаган. Аммо Брюсселдагилар қитъа аҳолисини эмлаш жараёнини тезлаштириш йўлларини излаш зарурати туғилганини тан олишмоқда. Чехия ва Венгрия аллақачон россияликлар препаратини қабул қилишга тайёрликларини билдиришган.

Франция ва Германия ортидан Дания ҳам AstraZeneca вакциналарини 65 ёшдан катталар гуруҳи учун ҳам қўллашга рухсат берди. Дания ҳукумати бу қарорини Шотландияда ўтказилган сўнгги тадқиқотлар билан асослаган, бу тадқиқотлар препарат барча ёш тоифалари учун самарали таъсир кўрсатишини кўрсатган.

Дания, Австрия ва Исроил ҳамкорликда коронавирусга қарши вакцина яратиш бўйича келишув имзолашди. Бу уч давлатдаги олимлар ҳозирда мавжуд вакциналар тез орада янги мутацияларга қарши самарасиз бўлиб қолиши мумкин деб ҳисоблашмоқда ва янги вакцинани тезроқ яратишни мақсад қилишган. Альянс бўйича музокаралар шу кунларда Тель-Авивда бўлиб ўтди. Евроиттифоқ, умуман олганда, ўз аъзоларининг бу лойиҳада иштирок этишига қарши эмас, аммо Франция лойиҳада ЕИнинг амалдаги стратегиясига амал қилинишини талаб қилмоқда.

Франциянинг Ла-Манш бўғозига энг яқин региони - Па-де-Каледа «дам олиш кунларидаги локдаун» жорий этилди. Ҳозирча бундай чоралар қанча муддат давомида амал қилиши маълум эмас, аммо маҳаллий расмийларнинг сўзларига кўра, касаллик кенг тарқалиши фонида бундай чорага зарурат бор. Францияда кўп вақт давомида қатъий чоралар амал қилиб келди -  тўлиқ локдаундан комендантлик соатигача. Ҳозир эса деярли бутун мамлакат бўйлаб кўплаб карантин чоралари бекор қилинган - Каледан шарқдаги Дюнкерк ва Ложувард соҳилдаги Ниццадан ташқари. Барлар, ресторанлар ва курортлар бутун мамлакат бўйлаб ёпиқлигича қолмоқда. Француз ҳукумати ёзгача мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми - 30 миллион кишини эмлаб бўлишни режалаштирган.

Германия камида март ойи охиригача локдаунда қолади. Расмийлар 16 федерал ердан атиги иккитасида касалланиш даражасини минимал даражага (100 минг кишига 50 ҳолат) туширишга эришилганини айтмоқда. Берлин бир неча ой муқаддам шундай режани қўйганди, аммо ҳозирча вазиятни тўлиқ назорат қилишнинг имкони бўлмаяпти.

Британияда «бразилча штамм» тарқатувчисини топди
Буюк Британия ҳукумати ниҳоят мамлакатга «бразилча штамм»ни олиб келган олтинчи одамни ҳам аниқлади. Ўтган ҳафтада Британия ҳукумати илк бор Бразилияда аниқланган янги штаммнинг юқиши билан боғлиқ олти ҳолатни қайд этганди. Беш нафар ташувчи дарҳол аниқланган, коронавирусга топширган тести мусбат натижа берган олтинчи шахс тиббиёт ходимларига ўзи ҳақидаги маълумотларни қолдирмагани маълум бўлганди.

Олимларнинг ҳисоблашича, бразилча вариант нисбатан осон юқувчан. Мавжуд вакциналар унга қарши фойда бермаслиги мумкинлиги ҳақида ҳам айтилмоқда. Аммо Британия миллий соғлиқни сақлаш хизмати бош шифокори Стивен Поуиснинг ҳисоблашича, мавжуд вакциналар коронавируснинг янги мутацияларига қарши мослаштирилиши мумкин.

Душанба куни Британияда карантин чекловларининг бекор қилиниши бўйича биринчи босқич бошланди: мактаблар яна ўқувчиларни қабул қилиши мумкин. 11 ёшдан катталар ҳам босқичма-босқич парталарга қайтади. Кўплаб ўрта мактабларда дарслар вақтида ўқувчилар ниқобда бўлиши талаб этилади.

Кўплаб ота-оналар норози, бир қатор шаҳарларда дарсларда ниқоб тақилиши мажбурий бўлганига қарши онлайн-петициялар ўтказилган. Расмийлар коронавирусга қарши чоралар доирасида мактаблар биноларини доимий равишда шамоллатиб туришни ваъда қилишмоқда.

Британия - Европа давлатлари орасида пандемиядан энг кўп жабр кўрган мамлакатдир. Бу давлат касалланиш ҳолатлари кўплиги бўйича юқори бешликдан ўрин олган - 4,2 млн киши, бу фақат Россиянинг натижасидан бироз камроқ. Ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳам Британия дунёда бешинчи ўринда - 124,2 минг қурбон.

Кипр туризм учун очилишга тайёр
Кипр ҳукумати май ойидан ўз курортларини Британиядан келадиган сайёҳлар учун очишга тайёрлигини билдирди - туристлар коронавирусга қарши эмлангани тўғрисида маълумотномага эга бўлиши керак. Британия туризми ушбу орол учун муҳим аҳамиятга эга, Кипр туриндустриясига энг кўп даромадни британияликлар келтиради.

1 майдан британияликлар Кипрга тўсқинликсиз уча олиши мумкин бўлади. Ўтган йили бу борада кўплаб қийинчиликлар ва ортиқча харажатлар мавжуд эди. Масалан, коронавирус учун тестнинг энг арзон нархи (усиз самолётга чиқаришмасди) 200 фунтга тенг эди (280 доллар атрофида). Аммо бу пулни тўлашга тайёр бўлганларнинг ҳаммаси ҳам ўз вақтида жўнай олмасди, Британиядаги хусусий лабораторияларда ҳафталаб навбат кутишга тўғри келарди.

Кипрнинг қарори британияликлар учун хушхабар бўлди, улар аллақачон ёзги таътилни қаерда ўтказиш ҳақида ўйлашмоқда, аммо иккита муаммо бор: биринчидан, май ойи бошида Британияда ҳамон чегарадан ташқарига чиқишда чекловлар амалда бўлади, иккинчидан - ҳукумат май ойигача вакцинация жараёнини тугаллашига ишонч кам. Айни вақтда мамлакатда 65 ёшдан катталар эмланмоқда, бошқа ёш тоифасидагиларнинг навбати ҳали келмади.

Сут эмизувчиларни эмлаш

Сан-Диего ҳайвонот боғида айрим сут эмизувчилар эмланади, улар орасида тўрт орангутан, беш бабуин ва бир неча горилла бор. Январ ойида ҳайвонот боғларида гориллалар орасида коронавирус авж олгач, жониворлар учун шошилинч вакцина тайёрланди.

Ўшанда саккиз жонивор касалланган, бу дунёда маймунлар Covid-19 юқтириши билан боғлиқ илк ҳолат бўлганди. Сан-Диего ҳайвонот боғи матбуот хизмати хабарига кўра, барча гориллалар омон қолди ва тузала бошлади.

Аммо зоологлар гориллалар касаллик юқтириб олганининг ўзидан ташвишга тушишган. Дунёда сўнгги ўн йилликда ушбу жониворлар популяцияси қисқарган, ҳозирга келиб гориллалар йўқолиб кетиш ёқасидаги турларга киритилган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top