12:53 / 05.03.2021
9150
“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekneftegaz GTL” заводида илк бор ёқилғи гази қабул қилинди

Лойиҳалаш қувватига эришгач, йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ (метан) қайта ишланадиган, 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариладиган заводнинг сўнгги босқич қурилиш-монтаж давом эттирилмоқда.

Завод дунёнинг нефть ва газ кимёси соҳасида етакчи ҳисобланадиган Sasol (Жанубий Африка), Haldor Topsoe (Дания) ва Chevron (АҚШ) каби компанияларнинг технологиялари асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, Бош пудратчилар, яъни Жанубий Корея Республикасининг “Hyundai Engineering”, “Hyundai Engineering & Construction” ҳамда “Enter Engineering” (Сингапур) консорциуми каби йирик қурилиш компаниялари ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида ускуналарни ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ташкил қилинган “Ишчи” гуруҳ мунтазам тарзда "GTL" заводида бўлиб, қурилиш-монтаж ишларини сифатли ва қисқа вақтда тугатиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Натижада эса, “Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасининг барқарор ишлашини таъминлайдиган GTL 220/35/10 кВ” подстанцияси қурилиб фойдаланишга топширилди.

“Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг давом эттирилиши натижасида, ижобий самараларга эришилди.

Заводнинг ташқи электр таъминоти объектлари ишга туширилди ва завод тизимдан электр энергияни қабул қилишни бошлади. Заводнинг марказий бошқарув пульти, назорат ўлчов ва автоматика тизимининг 2-сонли бошқарув биноси, назорат ўлчов ва автоматика ускуналари учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқариш қурилмалари ишга тушди.

Жорий йилнинг 11 февраль куни эса “Uzbekneftegaz GTL” заводида биринчи маротаба ёнғинни ўчириш сув тизими 82-сонли қурилмаси ишга туширилди.

2021 йилнинг 3 март куни яна бир ажойиб натижага эришилди. “Uzbekneftegaz GTL” заводида “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувуридан илк бор ёқилғи гази қабул қилинди.

Ёқилғи газини қабул қилиш бошланиши билан “GTL” заводининг ёқилғи газ тизими (78-сонли қурилмаси) ишга туширилди ва технологик ускуналар ҳамда қурилмаларни созлаш ва ишга тушириш ишларининг навбатдаги босқичи бошланади.

Ёқилғи газ – таркибида турли аралашмалар мавжуд бўлган, асосан метандан иборат табиий газдир. “GTL” заводига ёқилғи газини қабул қилиш “Uzbekneftegaz GTL”, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва лойиҳанинг ЕРС пудратчиси мутахассислари жамоасининг яқин ҳамкорлиги ва мувофиқлаштирилган ишлари туфайли хавфсиз ва муваффақиятли амалга оширилди.

“GTL” заводига ёқилғи газни етказиб бериш учун газ қувурини қурилиш – монтаж ишлари Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан бажарилди.

Яна бир неча кундан сўнг, заводнинг қозонхоналарини ишга тушириш ва буғ ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилмоқда.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи Матбуот хизмати

Top