11:23 / 07.03.2021
2859
«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Газлида бурғилаш ва таъмирлаш ишлари кетаётган конлар ва қудуқларда бўлди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Газли ҳудудида табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб бурғилаш ишлари бошланган «Каттатепа» майдонидаги 1-сонли қудуқда бўлди.

Ушбу қудуқни 2800 метр чуқурликкача бурғилаш мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 1567 метр чуқурликда бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

«Каттатепа» майдонининг истиқболлари ва бу ердаги ишларнинг келгуси йўналишлари, айнан ушбу 1-сонли қудуқнинг натижаларига боғлиқ экани, шу сабабли уни самарали бурғилаш ва белгиланган барча геологик-геофизик таҳлилларни мукаммал бажариш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида «Дояхотин» конидан табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида, бурғиланаётган 88-сонли қудуқдаги ишларнинг ҳолати ҳам ўрганилди.

Ушбу 88-сонли қудуқни 2050 метрга бурғилаш ишлари 2021 йилнинг 19 январида бошланганига қарамай, ўтган қисқа вақт ичида у 2000 метр чуқурликкача бурғиланди ва ҳозирда қудуқда геофизик тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси мутахассисларга қудуқда синаш ишларини самарали олиб бориш ва саноат миқёсидаги табиий газ қазиб чиқариш борасида керакли вазифалар, ўз таклифлари ва тегишли кўрсатмаларини берди.

Бошқарув раиси Газли ҳудудида 2017 йилда очилган «Шортак» конидаги олиб борилаётган ишларнинг ҳолати билан ҳам танишди.

Коннинг нефть-газлилик истиқболларини баҳолаш ва ундаги углеводород захираларининг миқёсини аниқлаш ҳамда қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида, бурғиланаётган 3-сонли қудуқдаги ишлар кўриб чиқилди.

«Шортак» конидаги 3-сонли қудуқни 2800 метр чуқурликкача бурғилаш ишлари 2020 йилнинг 17 декабрида бошланган ва ҳозирда 2112 метр чуқурликда бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда.

Март ойининг охирига қадар ушбу қудуқда синаш ишларини якунлаш ва табиий газнинг саноат миқёсидаги оқимларини олиш, шунингдек, янги 4-сонли қудуқни бурғилаш ишларини тезлаштириш кераклиги таъкидланди.

Газли ҳудудида олиб борилаётган тадбирларнинг ҳолатини ўрганиш ишлари сарҳисоб қилинар экан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бу ерда амалга оширилаётган геология-қидирув ишларини ягона тизим асосида самарали ташкил этиш кераклиги бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, Бошқарув раиси ушбу конларда ҳам ишчи-ходимларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини янада яхшилаш, униформаларини янгилаш ва ётоқ жойларидаги аҳволни ўзгартириш кераклигини таъкидлади.

Ўз навбатида – белгиланган ишларни якунлаш, жадаллаштириш, қудуқларни бурғилаш, ишларни соҳанинг етук мутахассисларини жалб этган ҳолда ташкиллаштириш ҳамда барча жараёнларни техника ва саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя этган ҳолда, кучли назорат остида амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

2021 йил якунига қадар ушбу тадбирларни амалга ошириш орқали Газли ҳудуди бўйича 8,0 млрд куб метр табиий газ ва 180 минг тонна миқдорида газ конденсати захираларини ўстириш белгиланди.

Бу орқали эса республика углеводород хомашёси базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш, вазифаларни бажаришга барча мавжуд ресурсларни сафарбар этиш лозимлиги таъкидланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, захираларни ўстириш ва углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш борасидаги амалий ишлар давом эттирилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top