14:07 / 07.03.2021
10405
ССП ноқонуний иморатларни суд қарорисиз бузиш банди киритилган қарор лойиҳасига қарши позиция билдирди

Ноқонуний қурилган қурилиш объектини мажбурий буздириш бўйича далолатнома ижро ҳужжати ҳисобланиши тўғрисида банд киритилган президент фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. ССП ноқонуний қурилган иморатлар суд қарори билангина бузилиши мумкинлиги ҳақида жамаоатчилик экспертизаси хулосасини тақдим этди.

Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони (ID-29665) лойиҳаси юзасидан жамоатчилик экспертизаси хулосасини тақдим этди.

Хулосада келтирилишича, лойиҳанинг 3-бандида «ноқонуний қурилиш объектини мажбурий буздириш бўйича далолатнома ижро ҳужжати ҳисобланади ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмасига мажбурий буздириш ҳамда аниқланган харажатлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш чоралари кўрилади», деб белгиланган. Aммо Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

«Кўриниб турганидек, амалдаги қонунчиликка кўра, бундай қурилиш объектлари суд қарори асосидагина бузилиши мумкин», дея муносабат билдирилган ССП.

Бундан ташқари, савдо-саноат палатаси қарор лойиҳасининг 6-бандида «бўш турган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслардан ўтган йил даври учун ўрнатилган ер солиғи ставкасига нисбатан 5 карра миқдорда, муҳофаза зоналари ҳудудларида жойлашган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслардан ўтган йил даври учун ўрнатилган ер солиғи ставкасига нисбатан 10 карра миқдорда ундирилади», деб белгиланганига қарши позицияда турмоқда.

Палата хулосасига кўра, нормада назарда тутилган янгича жавобгарлик чораларини белгилаш амалдаги қонунчилик талабларига мутлақо зиддир. Бунга палата Солиқ кодексининг 424-433-моддалари асос қилиб кўрсатган.

«Ер солиғи тўловчилари мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ердан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслардир. Бўш турган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахсларда эса, бундай ҳуқуқ мавжуд эмас ва улар ер солиғи субъектлари ҳисобланмайди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси президентининг 19.05.2020 йилдаги ПФ-5997-сонли фармони 5-бандига кўра, жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилиши белгиланган. Шу сабабли, лойиҳадан мазкур хатбошини чиқариб ташлаш лозим», дейилади хулосада.

Aввалроқ, савдо-санаоат палатаси 2025 йил 1 январга қадар автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари, табиий газдан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳамда иссиқхона хўжаликлари қурилишига ер ажратилмаслиги таклиф этилган ҳукумат қарори лойиҳаси юзасидан жамаоатчилики экспертизаси хулосасини эълон қилганди.  ССП ушбу таклифни ишбилармонлик ҳолатига салбий таъсир қилиши мумкин деб топганди. Бундан ташқари, таклиф газ етказиб беришда муаммоларни бартараф этиш билан асослантирилган бўлса-да, бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланган эди.

Top