09:24 / 08.03.2021
8357
Француз миллиардери Оливе Дассо авиаҳалокат қурбони бўлди 

Француз миллиардери ва сиёсатчиси Оливе Дассо 7 март куни юз берган авиаҳалокат қурбони бўлди. Франция президенти Эммануэл Макрон Дассонинг ўлимини катта йўқотиш деб атади. 

Ҳалокат маҳаллий вақт билан соат 18да Калвадос департаментидаги Довил шаҳри яқинида юз берган. Бортида 69 ёшли миллиардер бўлган AS350 Squirrel хусусий вертолёти ҳавога кўтарилиш вақтида ҳалокатга учраган. Воқеа оқибатида учувчи ҳам ҳалок бўлган. 

Дассонинг ўлими муносабати билан Франция президенти Эммануэл Макрон ҳамдардлик билдирган.

“Оливе  Дассо Францияни яхши кўрарди. Ўз соҳасининг етакчиси, қонун чиқарувчи, захирадаги зобит – у ҳаёти давомида давлатимизга хизмат қилиш ва уни қадрлашдан ҳеч тўхтамаган. Унинг кутилмаган ўлими – катта йўқотишдир”, деб ҳамдардлик билдирган Макрон Twitter’да.

Дассо Франциянинг “Республикачилар” партияси аъзоси бўлган. У Франциядаги энг обрўли депутатлардан бири ҳисобланган.   

Фото: laminute.info

Оливе  Дассо Dassault Aviation авиакомпанияси асосчиси Марсел Дассонинг набираси ҳисобланади. Компания бизнес-жетлар, Rafale ҳарбий самолётлари ишлаб чиқаради, сунъий йўлдошлар ишлаб чиқиш, самолётларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Дассо оиласига қарашли Dassault Group гуруҳи шунингдек Франциянинг нуфузли нашрларидан бири Figaro’га эгалик қилади.

Оливе Дассонинг бойлиги 7,3 млрд долларга баҳоланган. У Forbes Real-Time рейтингида 361-ўринни эгаллаган. Дассо компания директорлар кенгашидан сиёсий фаолияти сабабли кетган.

Авиаҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум. Полиция ушбу ҳалокат юзасидан тергов бошлаган. 

Top