19:42 / 09.03.2021
9063
Bloomberg: Хитой иқтисодиёти аста-секинлик билан глобал ҳукмронлик томон интилмоқда

Хитойнинг жаҳон ЯИМдаги улуши 14,5 фоизга етди. Таққослаш учун, бу рақамлар 10 йил олдин 9,2 фоизни ташкил қилган.

2020 йилги пандемия чекловларига қарамай, Хитой ўтган йил давомида иқтисодий ўсишга эришган ягона йирик иқтисодиёт ҳисобланди. Унинг глобал ишлаб чиқаришдаги улуши сўнгги ўн йилликларда энг юқори суръатларда ўсди. Брукингс институти ҳисоб-китобларига кўра, тахмин қилинганидан икки йил олдин, яъни 2028 йилга келиб, Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланиши мумкин.

Хитойда вируснинг тез суръатларда бартараф этилиши заводларга ишлаб чиқаришни давом эттиришга имкон берди. Натижада бутун дунё вирусга қарши курашаётган бир пайтда ўз ниқобларидан тортиб ноутбукларга қадар бўлган барча нарсалар экспортида ўсишга эришди. Европа Иттифоқининг энг йирик савдо ҳамкори сифатида АҚШни ортда қолдирди.

Бостон университети тадқиқотларига кўра, Хитойнинг ривожланаётган мамлакатларга йўналтирган хорижий кредитлари ҳозирда Жаҳон банки билан рақобатлаша олади.

Айни пайтда Хитойнинг жаҳон ЯИМдаги улуши 14,5 фоизни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, бу рақамлар 10 йил олдин 9,2 фоизни ташкил қилган.

2020 йилда эълон қилинган энг йирик компанияларнинг Fortune-500 рўйхатидан Хитойнинг 124та компанияси ўрин олди. Бу рўйхатга АҚШнинг 121та компанияси киритилган.

Хитой иқтисодиёти Қўшма Штатлар иқтисодиётининг 71,4 фоизига етди.

Нима учун бу муҳим?

Хитойнинг глобал ўсиши, шубҳасиз, мамлакатга ҳал қилувчи бозор сифатида таянадиган Бразилия, Германия ва Жанубий Корея каби мамлакатларнинг товар ва саноат товарлари экспортчилари учун муҳимдир. Халқаро бизнес учун Хитой улкан истеъмол бозори учун курашиш нуқтаси ҳисобланади. Ҳозирда General Motors ҳам, Volkswagen ҳам ҳар йили Хитойда ўз мамлакатларига қараганда кўпроқ автомобиль сотмоқда.

Хитойнинг тобора ўсиб бораётган иқтисодий кўрсаткичлари Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Халқаро валюта жамғармаси каби кўп томонлама ташкилотларда сиёсий таъсирни кучайтирмоқда.

Сўнгги йилларда Пекин сиёсий можароларда Хитой бозори аҳамиятидан фойдаланишга ҳаракат қилди. Хусусан, дипломатик можаролар сабаб Жанубий Корея ва Австралиядан импорт қилишни чеклаб қўйди. Натижада бу мамлакатлар ташқи савдоси жиддий зарар кўрди ва муроса қилишга мажбур бўлди.

Шунингдек, у Жаҳон банки каби АҚШ томонидан бошқариладиган институтга қарама-қарши равишда «Бир макон, бир йўл» дастури доирасида камбағал ва ривожланаётган давлатларга кредит беришни кўпайтирди.

Постпандемия дунёсида Хитойнинг кучайиб бораётган сиёсий таъсири дунёнинг етакчи давлатлари орасида Пекин билан қандай муносабатда бўлиш борасидаги мунозараларнинг долзарблигини ошириши мумкин.

2028 йилда Хитой иқтисодиёти АҚШни ортда қолдирадими ёки йўқ, бу мавҳум масала, аммо ҳозирча унинг кучи ва таъсири аста-секин ўсишда давом этмоқда.

Оқ уй Хитой билан савдо урушини давом эттирадиган бўлса, Америка иқтисодиёти ўн йил ичида бир триллион доллардан ортиқ маблағни йўқотиши мумкинлиги маълум қилинганди.

Шунингдек, ўтган йил давомида хориж компанияларининг ХХР иқтисодиётига тўғридан тўғри инвестициялари 4 фоизга ўсгани, АҚШда эса бу рақамлар 49 фоизга пасайгани хабар қилинганди.

Top