22:38 / 10.03.2021
26842
«Номида онлайн сўзи бор холос» — Иномжон Тоғаев АСКУЭ тизимида инсон омили борлигини айтди

«Аҳолининг энг катта эътирози онлайн ишлайдиган электрон ҳисоблагичларга ўтилганида. Лекин онлайн унинг номида холос», – деди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижрочи директори.

Иномжон Тоғаев / Фото: Халқаро пресс-клуб

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижрочи директори, ташкилотнинг бош юристи Иномжон Тоғаев «Amerika Ovozi»га берган интервьюсида электрон ҳисоблагичлардаги камчиликлар ва нореал қарздорлик ҳақида гапирди.

«Аҳолининг энг катта эътирози (айниқса Тошкент шаҳрида) онлайн ишлайдиган электрон ҳисоблагичларга ўтилганида. Лекин онлайн унинг номида холос. Чунки қарздорлик бўлса, ҳисоблагич ўчирилади. Ёқиш учун пул тўланса, ёнмайди. Бунда инсон фактори бор.

[…] Дастур механизми нотўғри қилинган. Кимдир раҳбар бўлиб келган, ўша программани катта пулга сотиб олган. Иккинчи раҳбар келиб, бошқа бир дастур ўрнатилган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ўзида ҳисоблагичлар 3 та дастур билан ишлайди. Уни бирлаштириш керак. Муаммо шунда! Аҳоли шундан норози. «Нимага мен пул тўламасам, сен электрни ўчирар экансан-у, пул тўласам, ёқмас экансан» дейишади. Бу асаббузарлик. Тўғрисини айтсам, шу масалани ҳазм қила олмайман», – дейди Тоғаев.

Федерация расмийси нореал қарздорликлар ҳақида ҳам тўхталди.

«Нореал қарздорликлар бўлган. Дейлик, туманнинг газ таъминотидан қарздорлиги бор. Қарздорликни ёпиш учун нима қилган, биласизми? Аҳолига келиб, сизнинг 1 миллион сўм қарзингиз бор экан деб, аслида йўқ қарздорликни бор қилиб кўрсатишган. Одамларни қарздор сифатида рўйхатга киритиб қўяверган. Аҳоли тушунмасдан тўлаб юборган.

Билса ҳазил, билмаса чин принципида ишланган. Жуда кўп бўлган бундай воқеалар. Ўғриликлар, улаб беришлар. Бу нарса жамиятни емиради», – дейди у.

Иномжон Тоғаев газ ва электр энергиясидаги узилишлар ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Электр энергияси етишмовчилигида бир неча муаммолар бор. Биринчидан, линия ва техникалар эскирган, инфратузилма ёмон.

Иккинчидан, жойларда қарздорликлар сони ортиб кетган. Электр энергия ишлаб чиқариш ҳам маблағ талаб қилади, албатта.

Учинчидан, етказиб бериш ва уни ишлаб чиқаришда жуда катта муаммолар бор.

Кейингиси – коррупция. Ҳатто истеъмолчиларни электрон ҳисоблагичлар билан таъминлашда ҳам коррупцион ҳолатлар бўлади.

Яна бир муаммо – манфаатлар тўқнашуви. Масалан, ўзига ёққан танишини талабга жавоб берса-бермаса ишга олиш ҳолатлари. Бу зарарга ишлаган.

Яқинда ҳам шу ҳолатни кузатдикки, электр энергия етказиб бериляпти, лекин ўғрилик ва ноқонуний уланишлар натижасида жуда катта миқдорда йўқотишлар бўлган. Бу жараён тизимли, йиллар давомида бўлиб келган. Энг ёмони – энергетика ташкилоти монопол. Монополия шунақа, рақобатни синдирадиган, ривожланишни тўхтатадиган нарса», – деди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижрочи директори.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрида электр энергияси ҳисоблагичлари бўйича автоматлашган тизимни 2021 йил 1 мартгача тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилганди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев янги тизимга ўтилгач, пул тўлаган одамнинг уйида электр узилиши бўлмаслигини айтган.

Top