22:20 / 10.03.2021
7173
Самарқандда «Дамас» уриб юборган боланинг аҳволи оғирлиги маълум қилинди
Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудида одам уриб юбориш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Йўлда ҳаракатланиб келаётган «Дамас» автомашинаси кўча четида ўйнаб юрган 10 ёшли болани уриб юборган. Оқибатда бола боши билан йўл четидаги бетонга бориб урилган ва оғир жароҳат олган.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳодиса 7 март куни кундузи соат 17:00 ларда содир бўлган. Пахтачи тумани Фай маҳалласида яшовчи шахс томонидан бошқарилган «Дамас» автомашинаси болани уриб юборгандан сўнг, бетон устунга бориб урилган.

Таъкидланишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида ҳайдовчи тан жароҳати олмаган ва оғир жароҳат олган болани у ҳамда боланинг яқинлари зудлик билан шифохонага олиб боришган. Шифокорлар керакли тиббий ёрдамни кўрсатганига қарамасдан боланинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Қайд этилишича, бола тумандаги 17-мактабнинг 3-синфида ўқийди. Туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан мазкур мактабда ва ҳайдовчи истиқомат қиладиган Фай маҳалласида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот олиб борилган. Ота-оналарга болаларига эътиборли бўлишлари, мактаб ўқувчиларига эса кўча четларида ўйнамаслик уқтирилган. 

Top