14:28 / 11.03.2021
5795
Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар маҳсулотларини етказиб беришда олдиндан 15 фоизлик тўлов белгиланиши мумкин

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасига кўра, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларини етказиб беришда олдиндан 15 фоиз тўлов белгиланади. Шунингдек, жисмоний шахсларга нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилади.

«Ижтимоий-иқтисодий муносабатларда шартнома институти ролини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида олдиндан 15 фоиз тўлов белгиланади.

Бундан ташқари, тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ олиб ташланади.

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларга мажбурий равишда аванс белгиланади.

Шунингдек, нотариуслар томонидан шартномаларни тасдиқлашда коммунал хизматлар бўйича қарздорликнинг мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисида ахборот олиш бўйича талаб бекор қилинади.

Жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилади.

Қарор лойиҳасида коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юк ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши давлат органи билан келишилганидан сўнг тузилиши назарда тутилган.

Лойиҳада инвестиция шартномаси лойиҳаси бўйича Aнтимонопол қўмитаси хулосаси олиниши кўзда тутилмоқда. Шартнома юзасидан молиявий-иқтисодий баҳолаш, қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича давлат бошқаруви органларининг ижобий хулосаси қабул қилингач, ҳукуматга кўриб чиқиш учун юборилади.

Top