19:43 / 11.03.2021
7623
Шавкат Мирзиёев: Қирғизистон билан савдо айланмаси ҳажмини 2 баробар кўпайтириш имконияти бор

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Музокараларда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

«Таъкидлаш керакки, бу борадаги кўрсаткичлар ижобий динамикага эга. Хусусан, сўнгги тўрт йилда ўзаро савдо беш баробардан зиёдга ўсган ва 900 миллион доллардан ошган.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш стратегик шерикликнинг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Савдо айланмасини диверсификация қилиш ва номенклатурасини кенгайтириш орқали келгуси йилларда унинг ҳажмини икки баробар кўпайтириш имконияти борлиги қайд этилди», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шу мақсадда икки мамлакат бозорларида харидоргир бўлган, шу жумладан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш, ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлашга келишиб олинди. Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутаётгани эътироф этилди. Келишувларни амалга ошириш мақсадида ҳукумат раҳбарларига комиссиянинг навбатдаги йиғилишини тез орада ўтказиш вазифаси қўйилди. Савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Булар, хусусан, Қирғизистонда енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший техникаларни йиғишни ташкил этиш, шунингдек, чегараолди ҳудудларда тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалардир.

Эълон қилинган капитали 200 миллион АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон – Қирғизистон инвестиция жамғармаси ташкил этилиши белгиланди, икки мамлакат ҳукуматларига унинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Транспорт соҳаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг муҳим йўналиши. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ташқи бозорларга яқин ва самарали чиқишни таъминлайди. Айниқса, «Ўзбекистон –  Қирғизистон – Хитой» темир йўлининг қурилиши стратегик аҳамиятга эга.

Президентлар мазкур йўлнинг қисқа вақтда барпо этилиши икки мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келиши, минтақамизнинг транзит салоҳиятини юзага чиқариб, жозибадорлигини оширишини алоҳида таъкидладилар. Шу боис, ушбу муҳим лойиҳа бўйича ишларни биргаликда давом эттиришга келишиб олинди.

«Тошкент-Андижон-Ўш-Иркиштом-Қошғар» халқаро мультимодал йўналиши ҳам савдо ҳажми ортишига хизмат қилади. Шунингдек, икки давлат шаҳарлари ўртасида автобус, темир йўл ва авиақатновларни қайта тиклаш юк ташиш, йўловчи ва туристлар оқимининг кўпайишида муҳим омил бўлади.

Алоқаларнинг яна бир катта йўналиши – ҳудудлараро ҳамкорлик. Бу борада 2017 йил 5 сентябрда ҳукуматлар ўртасида битим ҳамда икки мамлакат вилоят ва шаҳарлари ўртасида келишувлар имзоланган. 2018 йилда Ҳокимлар ва чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши тузилган.

Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни яна фаоллаштириб, эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, чегараолди вилоятларни комплекс ривожлантириш, давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу келишувлар ташриф арафасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Ўш, Жалолобод, Боткен ва Норин вилоятлари томонидан келишиб олинган «йўл хариталари» доирасида амалга оширилади.

Томонлар Марказий Осиёдаги сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарор механизмларини ишлаб чиқишга келишилди. Ўзбекистон Қирғизистонда гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишда қатнашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Фан, таълим, маданият, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирилди. Давлат раҳбарлари маданий алмашинувлар икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, маданият кунлари ва бошқа гуманитар тадбирларни қайта тиклашга келишиб олдилар.

Қирғизистон президенти коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида, жумладан, дори-дармон ва тиббиёт воситалари етказиб бериш борасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Top