18:51 / 12.03.2021
12310
Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга экспорт масалаларида «Ўзбекнефтгаз» Бошқарув раисига топшириқлар берди

Президент «Ўзбекнефтгаз» маҳсулотларининг Қирғизистонга экспортини бир неча баробарга ошириш ва қўшниларга минимал рентабеллик асосида, қулай нархларда маҳсулот етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров 12 март куни Тошкент шаҳридаги «Texnopark» МЧЖда ташкил этилган «Made in Uzbekistan» кўргазмасига ташриф буюрди.

Кўргазма доирасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан жамиятнинг стенди ҳам ташкил этилди.

Ушбу кўргазмада «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Компания мазкур стендда тармоқ корхоналарининг экспортга мўлжалланган полимер маҳсулотлари (полиэтилен, полипропилен), суюлтирилган газ, нефть маҳсулотлари (автомобиль ёнилғилари, авиакеросин, мотор, минерал, трансмиссия мойлари, пиролиз газолини, ГАЧ, КОКС), полимер қувурлар, томчилатиб суғориш тизими эҳтиёт қисмлари ва ҳар хил турдаги олтингугурт маҳсулотлари ва бошқа ютуқларини намойиш этмоқда.

Жамият бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровга соҳадаги имкониятлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, президент Шавкат Мирзиёев савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат корхоналари ва ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича амалга ошириши керак бўлган ишларга тўхталиб ўтди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Kun.uz мухбирига ташриф юзасидан интервью берди.

«Ўзаро товар айирбошлашни кенгайтириш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ етказиб бериш ҳажмларини 3,5 баробарга ошириши, қуйидаги маҳсулотларни экспорт қилиши бўйича топшириқлар берилди. Қуйидаги маҳсулотларимизга қизиқиш юқори:

  • полимер гранулалари;
  • олтингугурт;
  • пиролиз газолини;
  • бошқа нефт маҳсулотлари.

Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» жамияти томонидан ишлаб чиқариладиган дизель ёнилғиси, авиакеросин, полимер қувурлар ва бошқа маҳсулотларни Қирғизистон Республикасига етказиб бериш кераклиги бўйича вазифалар белгиланди.

Қирғизистонга ўтган йилги экспортимиз ҳажми 4 млн доллардан ошмаган. Жорий йилда бу кўрсаткични 20 млн долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари қирғизистонлик ҳамкорларимизга минимал рентабеллик асосида, қулай нархларда маҳсулот етказиб бериш зарурлигини таъкидлади», – деди Меҳриддин Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, янги ишлаб чиқариш қувватларининг, жумладан «Uzbekneftgaz GTL» заводининг фойдаланишга топширилиши қирғизистонлик истеъмолчиларга Евро-5 талабларига мос нефть маҳсулотларини етказиб бериш имконини беради.

Top