09:28 / 17.03.2021
3290
Олий таълим вазирлиги ҳузурида янги назорат хизмати ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўқув устахоналари, техник регламентлар ва метрологик назорат хизмати фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касбий таълим маркази ҳузуридаги Метрологик назорат хизмати негизида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида ДУК шаклидаги Ўқув устахоналари, техник регламентлар ва метрологик назорат хизмати ташкил этилди.

Техник назорат хизматининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • идоравий мансублигидан қатъи назар, барча профессионал таълим муассасаларининг ўқув жараёнида жиҳоз, асбоб-ускуна, техника ҳамда сарфланадиган хомашё ва материаллардан, ўқув-тажриба хўжаликларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш;
  • ўқув жараёнида қўлланиладиган назорат-ўлчаш воситаларидан самарали фойдаланилиши ҳамда метрологик қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш, ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган пуллик хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш.

Техник назорат хизматига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда қуйидагилар бўйича профессионал таълим муассасаларига шартнома асосида хизматлар кўрсатишга рухсат берилди:

  • жиҳозлар, асбоб-ускуна ва техникалар ҳамда хомашё ва материаллардан ўқув-амалий машғулотлар ўтказишда самарали фойдаланиш бўйича услубий қўлланма ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • профессионал таълим муассасалари ҳисобидаги хизмат муддатини ўтаб бўлган жиҳоз, асбоб-ускуна ва техникалар техник ҳолатини ўрганиш ва улардан ўқув жараёнида фойдаланиш тўғрисида тегишли хулосалар бериш.

2021 йил 1 мартдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Техник назорат хизмати бошлиғи – олий таълим муассасаси филиали директорига, бошлиқ ўринбосари – олий таълим муассасаси филиали директори ўринбосарига, бўлим бошлиқлари – олий таълим муассасаси факультет декани ўринбосарига, бош бухгалтер ва бош мутахассис – олий таълим муассасаси катта ўқитувчисига, етакчи мутахассис – олий таълим муассасаси ўқитувчисига тенглаштирилади.

Top