14:01 / 18.03.2021
9340
Шавкат Мирзиёев: «Муаммолар ечимини халқимиз билан бирга излашимиз керак»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тошкент вилоятининг Чиноз туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Президент ислоҳотларни амалга оширишда “қарс икки қўлдан чиқиши” кераклигини таъкидлаб, бу борада Ўзбекистон халқи ҳам ўз салоҳиятини намойиш этиб ҳаракат қилиши лозимлиги, давлат томонидан барча шарт-шароит яратиб берилишини айтди.

“Тошкент вилоятида ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак. Айниқса, Чиноз туманида бундай муаммо бўлишининг ўзи уят. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун жуда катта лойиҳаларни ишга туширяпмиз. Тошкент вилоятининг ўзида узоқ йилларга мўлжалланган ва 11 млрд доллардан ортиқ маблағ йўналтириладиган лойиҳалар амалга оширилади. Мана, Тошкент вилояти ҳокими бу вазифани зиммасига оляпти. Вилоятни, айниқса, Чиноз туманини республикага намуна қилиб беради”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент энергия ресурслари ҳақида ҳам гапириб ўтди.

“Энергия ресурслари камлигидан кўп шикоят қилинади. Лекин ҳаммаси солиштирганда маълум бўлади. Уч йил аввал бизнинг вазиятимиз қанақа эди? Шуни ҳам ҳисобга олиш керак”, деди давлат раҳбари.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев муаммолар борлигини, бу муаммоларнинг ечимини бирга излаш зарурлиги ҳақида гапирар экан, халқимизга буни тўғри тушунтириш кераклигини таъкидлади.

“Ҳар йили республикамиз аҳолиси сони ўртача 700 минг нафарга кўпаймоқда. Турли корхоналар очиляпти. Худо хоҳласа, яна 10 йилларда аҳолиси 40 млн кишидан ошган катта давлатга айланамиз. Ўша пайтда биз қанчалик қудратли бўлишимиз устида ҳозирдан ишлашимиз керак”, деди президент.

Аввалроқ, президент Чиноз туманига боргани хабар қилинганди.

Top