23:56 / 18.03.2021
5491
Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқдаги қурилиш материаллари кластери билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманидаги «Евро Глобал Инвест» МЧЖ фаолияти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

2020 йил декабрда иш бошлаган «Евро Глобал Инвест» корхонаси йирик йиғма темир-бетон панеллари тайёрлашга ихтисослашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион евро. 7 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига Италия, Германия ва Австриядан замонавий линиялар келтириб ўрнатилган.

«Корхона маҳсулотлари жаҳон стандартларига мос, зилзилабардошлиги юқори. Мазкур қурилиш материаллари ишлатилган уйлар таннархи бошқаларга нисбатан 30 фоиз арзон бўлади. Маҳсулотлар рангли қилиб тайёрланиши ҳам мумкин.

Кластер усулидаги корхона йилига 500 минг куб метр бетон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 1 миллион тонна тош майдалаш, яна шунча асфальт тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда шунингдек, ички ва ташқи эшиклар, дераза ромлари, мебеллар ҳам ясалмоқда», – дейилади хабарда.

Давлат раҳбари материаллар ишлаб чиқариш ва қурилишнинг тўлиқ «занжири»ни ташкил этиб, уй-жойлар нархини арзонлаштириш, кўпроқ ёшларни ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Корхонада айни пайтда 850 нафар ишчи меҳнат қилади. Йил якунигача иш ўринларини 1 500 тага етказиш режалаштирилган.

Шу ерда 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Top