12:18 / 18.03.2021
423
Хоразмда сўнгги 3 йилда мингдан ортиқ боғча ташкил этилди

Хоразм вилоятида болаларнинг мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ)га қамров кўрсаткичи сўнгги 3 йилда 20 фоиздан 62,5 фоизга ошди. Йил якунига қадар қамровни 70 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу ҳақда вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.

Вилоятда 3-7 ёшдаги болалар сони 153 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг 96 минг нафари мактабгача таълимга жалб қилинган. 2022 йилда болаларнинг қамров даражасини 77 фоизга етказиш режалаштирилган.

2020 йилги «Инвестиция дастури» доирасида 24та давлат МТТда, «Инқирозга қарши курашиш жамғармаси» маблағлари ҳисобидан 4та МТТда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Шунингдек, халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашининг қарори билан 7та МТТни реконструкция қилиш учун 19,5 млрд сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

2017 йилда МТТлар сони 248та эди. 2020 йилда уларнинг сони 1274тага етди. Шундан 90таси давлат, 11таси хусусий, 69таси давлат хусусий шерикчилиги асосидаги, 856таси оилавий мактабгача таълим ташкилотларидир. 

2021 йил давомида «Инвестиция дастури» доирасида 8та МТТ қуриш режалаштирилган. Бунга 36,4 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. 

Вилоятда янгидан ташкил қилинадиган МТТлар ҳисобига 2021 йил давомида 1765та, 2022 йилда эса 1720та иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Top