20:39 / 19.03.2021
1403
Самарқандда вилоятдаги энг катта мактаблардан бири очилди

Самарқанд шаҳрида янгитдан бунёд этилган Қорасув мавзесида 1 680 ўринли янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди. Мактабнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебунисо Шодиева ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур умумтаълим мактаби ўқувчи ўрни бўйича вилоятдаги энг катта мактаб ҳисобланади. Мактаб тўрт қаватли қилиб қурилган бўлиб, унинг майдони 3 437 м²ни ташкил этади.

Мактаб ҳудуди жами 2,5 гектар майдонни эгаллаган. Унда спорт майдончалари ва яшил ҳудудлар ташкил этилган. Мактабда ўқувчилар учун иккита спорт зали, анжуманлар зали, касб-ҳунар ҳамда ўқув хоналари жаҳон андозасида қурилган ва жиҳозланган. Бундан ташқари барча шароитлар ҳамда жиҳозлар муҳайё қилинган.

Қайд этилишича, мактаб қурилишига инвестиция дастурига асосан 31 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Мактабнинг очилиш маросимида вилоятдаги 16 та туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари раҳбарларига хизмат машинаси топширилди.

Маълумот учун, 18 март куни Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернати, шунингдек, қайта таъмирланган иккита мактабгача таълим муассасаси очилди.

Top