11:37 / 19.03.2021
1593
Туризмни ривожлантириш учун субсидиялар тақдим этиш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:

  • ташриф буюрувчилар учун шарт-шароитлар яратилиши режалаштирилган туризм салоҳияти юқори бўлган маданий мерос объектлари рўйхати;
  • зиёрат туризми маршрутларида фойдаланиладиган маданий мерос объектларининг 2021-2025 йилларда устувор равишда реставрация қилиш дастури;
  • узоқ хориж ва қўшни республикалардан хорижий туристларни қабул қилиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича «Йўл харитаси»;
  • хорижий тилларга таржима қилинадиган ва тарғиботи кенг амалга ошириладиган, алломалар ва зиёратгоҳлар тўғрисидаги фильмлар рўйхати;
  • Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатлари бир қисмини республика бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисидаги низом;
  • субсидияланадиган авиа ва темир йўл қатнови йўналишлари, авиа чипталар ва меҳмонхона хизматларини субсидиялаш миқдорини белгилаш бўйича махсус комиссия таркиби;
  • зиёрат туризмини ривожлантиришнинг мувофиқлаштириш кенгаши таркиби.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатлари бир қисмини республика бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнгача қуйидаги субсидиялар жорий этилади:

  • маҳаллий авиақатновларда авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида, туроператорлар орқали харид қилинган темир йўл чипталари нархи 15 фоизга пасайтирилади, умумий чегирма суммаси 40 фоизни ташкил этади;

Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан транспорт чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида.

Яшовчиларнинг ҳар бир яшаган куни учун жойлаштириш воситаларидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдори 0,4 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, низомда қуйидагилар белгиланди:

  • авиаташувчиларга ажратиладиган субсидия миқдорини аниқлаш тартиби;
  • саёҳат ташкилотчисига транспорт чипталари ҳамда меҳмонхона хизматлари учун субсидия ажратиш тартиби;
  • саёҳат ташкилотчиларининг субсидия олиш учун аризалар топшириш тартиби.
Top