11:41 / 22.03.2021
3535
“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси “Зеварда” ва “Умид” конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Қашқадарё вилоятидаги табиий газ конлари ҳамда “Зеварда” конидаги янги сиқув компрессор станциясининг қурилиш ишлари ҳолатини ўрганди.

2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган, шунингдек, табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Хусусан, геология-қидирув ишларини самарали олиб бориш, 2021 йил учун амалга оширилиши кўзда тутилган геологик-техник чора-тадбирларни жадаллаштириш орқали белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли мутахассисларга зарур топшириқлар берилди.

Ўрганиш жараёнида Бошқарув раиси томонидан бошқармадаги қазиб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳаларнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, вахта режимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг барчаси озиқ-овқат, кийим-бош ва бошқа зарур анжомлар билан тўлиқ таъминлангани ҳолати назорат қилинди.

“Зеварда” конида қатлам босимининг тушиши инобатга олиниб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини бир маромда ушлаб туриш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–2822-сон “2017–2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида янги паст босимли сиқув компрессор станциясининг қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ишлари бажарилмоқда.

Бошқарув раиси ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг амалга оширилиш жараёнини ҳам ўрганди.

Шунингдек, “Умид” конида олиб борилаётган чора-тадбирлар ижроси, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, ишлаб-чиқариш жараёнларининг узлуксиз ва бир маромда амалга оширилиши бориб кўрилди.

Бошқарув раиси томонидан конда қилиниши керак бўлган келгуси режаларни тўла-тўкис бажариш борасида тегишли топшириқлар берилди.

Бугунги кунда “Умид” конида жами 23 та қудуқда углеводород қазиб чиқариш жараёнлари амалга оширилмоқда.

Коннинг мавжуд захираларини самарали ўзлаштириш ва газ қазиб чиқариш кўрсаткичларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида яна 2 та қудуқни бурғилаш ҳамда 8 та қудуқда капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бир қаторда, илгари тугатилган қудуқлардан қўшимча табиий газ қазиб чиқаришни ташкиллаштириш мақсадида, 27 йилдан буён маҳсулот бермай қолган “Умид” 21-сонли қудуғида “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” корхонаси мутахассислари билан биргаликда қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бошқарув раиси айнан ушбу қудуқни капитал таъмирлаш жараёнлари билан яқиндан танишиб, таъмирлаш ишларини жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берди.

“Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” корхонаси раҳбарияти, муҳандис геолог ва технологлар бошчилигидаги янгидан шаклланган жамоа билан ишлаб чиқариш жараёнларини мукаммаллаштириш ҳамда ишчи-ходимлар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш, айнан шу орқали жойларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини кӯпайтириш мақсадида чора-тадбирларни амалга оширишмоқда.

Сўнгги йилларда, асосан хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳамда эскирган ускуна ва жиҳозлар билан фаолиятини давом эттира олмаётган, тугатилиш арафасида турган “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” корхонасига Давронжон Сулаймонов томонидан қисқа вақт оралиғида 10 млн. доллардан ортиқ инвестиция киритилди.

Натижада барча асосий дастгоҳлар тўлиқ модернизация қилинди ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига янги, замонавий техника ва технологияларни жалб этиш йўли билан такомиллаштириш орқали қудуқларни капитал таъмирлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилди.

Айни вақтда, ушбу конда “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ томонидан 87-сонли ишлатиш қудуғини бурғилаш жараёни ҳам бошланган бўлиб, унинг туби 470 метр чуқурликда ишлар давом эттирилмоқда.

Бошқарув раиси томонидан мўлжалланган ишларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш ҳамда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш борасида янги тадбирларни тайёрлаш юзасидан мутахассисларга тегишли топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Top