10:00 / 23.03.2021
1003
«Ўзбекинвест» компанияси 2020 йил якунларига кўра Ўзбекистон суғурта бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, етакчиликни сақлаб қолди

2020 йил якунлари бўйича «Ўзбекинвест» компанияси 262 млрд сўм миқдорида суғурта мукофотларини йиғиб, Ўзбекистон суғурта бозорида етакчиликни мустаҳкамлади.

Компания инвестиция лойиҳалари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, эркин иқтисодий, индустриал ва саноат зоналари субъектларини, транспорт воситалари эгаларининг жавобгарлиги ва экспортчиларни комплекс суғурталаш бўйича суғурта мукофотларининг йиғими кескин ўсиши натижасида биринчи ўринни эгаллади.

Мижозлар базаси 138 фоизга ўсиши таъминланди, 686 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар «Ўзбекинвест» компаниясига ишонч билдиришди.

2020 йилда компания қайта суғурталаш халқаро бозорида фаолиятини фаоллаштириш натижасида кескин ўсиш суръатларини кўрсатиб, ушбу бизнес йўналиши бўйича суғурта мукофотлари ҳажми 2019 йилга нисбатан 13 баравар ўсиб, 95 млрд сўмни ташкил қилди. Натижада, компания портфелидаги халқаро суғуртанинг улуши 3 фоиздан 37 фоизгача ўсди.

2020 йилда компания томонидан 69,9 млрд сўм суғурта товонлари тўланди ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 44,8 млрд сўмга кўпроқ бўлди ёки ўсиш 2,8 баравар бўлди. Бу кўрсаткичнинг ўсишига Сирдарё ва Бухоро вилоятларида техноген талафот ва табиий офат натижасида жабрланганларга суғурта қопламалари тўланиши ҳамда аҳолига COVID-19'дан суғурта бўйича тўловлар кескин ўсиши асосий сабаблардан бўлди.

Компания томонидан 2019 йилга нисбатан 6 баравар ёки 16,5 млрд сўмга кўпроқ солиқ ва тўловлар бюджетга тўланиб, 2020 йилда бу кўрсаткич ҳажми 19,9 млрд сўмни ташкил қилди.

Солиқ ва суғурта тўловларининг ҳажми ўсишига қарамай, компания активлари 2019 йилга нисбатан 115,4 фоизга кўпайиши таъминланди. Шунингдек, йиғилган суғурта мукофотларининг маълум қисми компания депозит базасини кенгайтиришга йўналтирилиб, «Ўзбекинвест» АЖ миллий валютадаги депозит портфели 121 фоизга, хорижий валютадаги депозит портфели 105 фоизга ошди.

Компаниянинг соф фойда ҳажми 2019 йил якунларига нисбатан 125 фоизга ошди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши муносабати билан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда «Ўзбекинвест» компанияси бизнеснинг янги йўналишларини ривожлантиришни давом эттириб, қишлоқ жойларда мижозлар базасини кенгайтиришни, замонавий ахборот технологиялари, мижозлар билан масофавий ва онлайн алоқаларни жорий этиш орқали суғурта хизматларининг сифатини ва қулайлигини ошириш, шунингдек, халқаро суғурта бозорларида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва суғурта хизматлари экспортини оширишни устувор вазифа қилиб белгилади.

«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ Матбуот хизмати

Top