18:45 / 24.03.2021
2667
Маҳаллалар шароитини яхшилашга 21 триллион сўм йўналтирамиз – Шавкат Мирзиёев

Бундай маблағ шу кунгача бирор марта берилмагани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида маҳаллалар шароитини яхшилаш учун 21 миллион сўм йўналтирилишини маълум қилди.

«Жорий йилда қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли шароитини яхшилашга жами 21 триллион сўм йўналтирамиз. Бундай маблағ шу кунгача бирор марта берилмаган. 9та йўналиш бўйича ажратилаётган ушбу маблағлар ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими билан муҳокама қилинди.

Ўтган ҳафтада барча туман ва шаҳар кенгашларида бу дастурлар асосида амалга оширадиган лойиҳалар ҳимоя қилиниб, қайси маҳалла ва қишлоқ танлангани, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бунда аҳоли иштирокига оид масалалар белгилаб олинди.

Масалан, Пайариқ туманида 145 километр йўллар, 1 минг километр электр тармоғи, 250та трансформатор ва 54 километр ичимлик суви тизими яроқсиз аҳволда, 26та мактаб, 17та боғча, 4та қишлоқ оилавий шифокор пункти таъмирталаб.

Шунингдек, туманда ишсизлар сони 9 минг 400 нафарни ташкил этади, «темир дафтар»га мингта оила, «ёшлар дафтари»га 6 минг ва «аёллар дафтари »га 2 минг 200 киши киритилган.

Жорий йилда Пайариқ туманидаги 56та қишлоқда 83 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман олганда, Самарқанд вилоятида 717та қишлоқ ва 198та шаҳар маҳаллалари қиёфасини замонавий кўринишга келтириш, инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга 1,6 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган», дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда тадбирда иштирок этаётган Kun.uz мухбири.

Top