02:13 / 25.03.2021
6472
Ҳиндистон ўз вакцинаси экспортини тўхтатиб қўйди - ОАВ 
Фото: Depositphotos

Ҳиндистон AstraZeneca (CoviShield) вакцинаси экспортини тўхтатиб қўйди. Мамлакатда коронавирус тарқалиши яна авж олмоқда ва ҳукумат биринчи навбатда ўз фуқароларини вакцина билан таъминлашни режалаштирмоқда. 

Reuters’нинг иккита манбага таяниб хабар беришича, Ҳиндистон 25 мартдан ўз вакцинаси экспортини тўхтатади. 

“Барча қолган нарса муайян вақтга иккинчи аҳамиятли нарсага айланди”, деб айтган манбалардан бири.

Ҳиндистонда 1 апрелдан 45 ёшдан катта аҳолини эмлашга рухсат берилганди. Ҳукумат бу мақсадда CoviShield’дан 141 млн доза буюртирган.

“Ҳиндистонда вазият барқарорлашмагунча ҳеч қандай экспорт бўлмайди. Ҳукумат Ҳиндистонда бунчалик кўп одам вакцинага муҳтож бўлган вақтда таваккалчилик қилмайди”, деб айтган манбалардан бири.

Ҳиндистон ҳукуматининг ушбу қарори ЖССТ томонидан қўллаб-қувватланаётган COVAX ташаббуси доирасида вакцина етказилишига таъсир кўрсатади. Айни вақтда COVAX Ҳиндистондан 17,7 млн доза вакцина олган.

Таъкидланишича, Ҳиндистон ҳозирдаёқ Бразилия, Британия, Марокаш ва Саудия Арабистонига вакцина етказишда ҳаялламоқда.   

Европа иттифоқи ҳам вакцина экспорти қоидаларини қатъийлаштирмоқда. Агар Британия ва АҚШ каби вакцина ишлаб чиқарувчи давлатлар Европа иттифоқига вакцина экспортини тақиқласа, Европа иттифоқи ҳам вакцина экспортини тўхтатиши мумкин.   

17 март куни Ўзбекистонга CoviShield вакцинасидан 660 минг доза келтирилганди. CoviShield - AstraZeneca вакцинасининг ҳиндча муқобили ҳисобланади. AstraZeneca 2020 йил кузида Ҳиндистоннинг Серум институти (Serum Institute) билан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш бўйича келишув имзолаган. Вакцина ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчилардан бўлган бу институт AstraZeneca’ни лицензия асосида ишлаб чиқармоқда. Ҳиндларнинг Astra Zeneca’сининг маҳаллий номи CoviShield деб аталади. 

 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top