10:56 / 25.03.2021
1061
Самарқанд вилоятидан бўлган уч нафар йигит Нукусда талончилик қилди

Самарқанд вилояти Ургут туманидан Нукус шаҳрига ишлагани борган уч нафар йигит талончилик йўли билан хонадонлардан бирига кириб, у ердан 25 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни олиб кетган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Хабарда маълум қилинишича, 2021 йилнинг 8 март куни тунги соат 3:30ларда номаълум шахслар Нукус шаҳар 22-кичик туманида яшовчи 40 ёшли Манар К.нинг яшаш хонадонида вояга етмаган 11 ёшли Қундуз К. ва 7 ёшли Алибек К. ёлғиз эканидан фойдаланиб, уларга «онангиз пицца бериб юборди», — деб хонадон эшигини очтириб ичкарига киришган. Сўнг болаларнинг қаршилигига қарамасдан, ушбу хонадонга кириб, жами 25 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни талончилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Самарқанд вилояти Ургут туманидан Нукус шаҳрига ишлаш мақсадида келган фуқаролар 25 ёшли Шоҳижаҳон Ш., 22 ёшли Ойбек Б. ва 24 ёшли Шоҳрух А. содир этгани аниқланган.     

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Шоҳижаҳон Ш., Ойбек Б. ва Шоҳрух А.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «б» банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.

Маълумот учун, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган.

P.S. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 23 март куни Ургут туманида мазкур жиноят иши юзасидан аҳоли вакиллари билан муҳокама ўтказилган. Хабарда маълум қилинишича, мазкур талончиликда жами 5 нафар шахс қатнашган. Уч нафар ургутлик йигитнинг ёнида икки нафар қиз ҳам бўлган ва талончиликни улар биргаликда содир этишган. Аммо Тергов департаментининг хабарида негадир икки нафар қиз ҳақида ҳеч гап йўқ.

Top