21:02 / 26.03.2021
4073
2020 йилда Ўзбекистон экспортида қимматбаҳо металлар ва тошлар, импортида машиналар, ускуналар ва механизмлар улуши юқори бўлди

2020 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажми 12,8 миллиард доллар, импорт ҳажми 19 миллиард долларга тенг бўлди. Савдо балансининг дефицити 6,2 миллиард долларни ташкил этди.

Марказий банк 2020 йил якунлари бўйича «Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи» нашрини тақдим этди.

Қайд этилишича, 2020 йил давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси (номонетар олтин ва тузатишларни ҳисобга олган ҳолда) 31,9 миллиард долларни ташкил этган. Савдо балансининг дефицити 6,2 миллиард долларга тўғри келган.

Товарлар экспортининг таркибий қисмлари

Марказий банк маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажми 12,8 миллиард долларни ташкил этган.

Бунда товарлар экспортининг ҳажми (номонетар олтин экспортини ва тузатишларни ҳисобга олмаган ҳолда) 1,1 миллиард долларга ёки 20 фоизга камайди (2019 йилда ўсиш 560 миллион доллар ёки 7 фоизни ташкил қилган). Энергия маҳсулотлари жаҳон нархларининг кескин тушиши ва асосий истеъмолчилар томонидан уларга бўлган талабнинг пасайиши оқибатида газ экспорти ҳажмида 2019 йилга нисбатан 79 фоизга камайиш кузатилди.

2020 йилда товарлар экспорти умумий ҳажмининг 77 фоизи (номонетар олтинни ҳисобга олмаган ҳолда) олтита мамлакатга, жумладан 19 фоизи Хитойга, 17 фоизи Россияга, 14 фоизи Туркияга, 10 фоизи Қозоғистонга, 10 фоизи Қирғизистонга ҳамда 6 фоизи Афғонистонга тўғри келган.

Шу билан бирга, товарлар экспортининг асосий қисми:

  • «қимматбаҳо металлар ва тошлар» – 5,9 миллиард доллар (2019 йилда 5,1 миллиард доллар);
  • «текстил ва текстил маҳсулотлари» – 2,1 миллиард доллар (2019 йилда 2 миллиард доллар);
  • «келиб чиқиши ўсимлик бўлган маҳсулотлар» – 1,2 миллиард доллар (2019 йилда 1,4 миллиард доллар);
  • «қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар» – 1,1 миллиард долларни (2019 йилда 1,1 миллиард доллар) ташкил қилган.

Марказий банкка кўра, ушбу товарлар гуруҳининг улуши жами товарлар экспорти ҳажмининг 91 фоизига тенг. (2019 йилда ҳам 91 фоиз)

Хомашё товарлари (номонетар олтин ва табиий газ) улуши ўтган йилда жами экспорт ҳажмининг 49 фоизини ташкил қилиб, шундан 45 фоизи номонетар олтин ва 4 фоизи табиий газга тўғри келди.

Бунда табиий газ экспорти умумий ҳажмининг 94 фоизи Хитой, 5 фоизи Тожикистон ва 1 фоизи Қирғизистонга тўғри келади.

Товарлар импортининг таркибий қисмлари

2020 йилда умумий импорт ҳажми 19 миллиард долларга тенг бўлди. Товарлар импорти ҳажмида 2019 йилга нисбатан 10 фоизга камайиш кузатилди (2019 йилда ўсиш 16 фоизни ташкил қилган).

Товарлар импортининг асосий қисми:

  • «машиналар, ускуналар, механизмлар» – 6 миллиард доллар (2019 йилда 7,1 миллиард доллар);
  • «қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар» – 2,4 миллиард доллар (2019 йилда 2,9 миллиард доллар) ;
  • «кимё саноати маҳсулотлари»– 2,4 миллиард доллар (2019 йилда 2,1 миллиард доллар) ;
  • «сув ва ҳаво транспорти воситалари» – 2,2 миллиард доллар (2019 йилда 2,8 миллиард доллар) каби гуруҳларга тўғри келмоқда ҳамда уларнинг жами товарлар импортидаги улуши 70 фоизни ташкил қилди(2019 йилда 73 фоиз).

2020 йилда 2019 йилга нисбатан барча асосий савдо ҳамкорлари билан товарлар импорти ҳажми қисқарган бўлиб, бундан Россия ва Қозоғистон мустасно.

Маълум қилинишича, мазкур камайиш ҳисобот даврида иқтисодий фаолликнинг сусайиши билан боғлиқ. Хусусан, товарлар импорти ҳажми Хитойдан 13 фоизга, Корея Республикасидан 32 фоизга, Туркиядан 13 фоизга қисқарди.

2020 йилда асосий ҳамкор мамлакатларнинг жами импортдаги улуши 67 фоизни ташкил қилиб, бунда Россия 21 фоиз, Хитой 21 фоиз, Корея Республикаси 9 фоиз, Қозоғистон 10 фоиз ва Туркия 6 фоизни ташкил қилди. (2019 йилда мазкур мамлакатларнинг жами импортдаги улуши 68 фоизни ташкил қилиб, уларнинг ҳар бири мос равишда 18 фоиз, 22 фоиз, 12 фоиз, 9 фоиз ва 6 фоизга тенг бўлган).

Шу билан бирга, Европа мамлакатларининг импортдаги улуши 23 фоиздан 24 фоизгача ўсди ва ушбу ҳолат асосий савдо ҳамкорларининг жами импортдаги улуши камайиши билан изоҳланади.

Top