17:54 / 26.03.2021
47682
Жапаров биринчиси эмас. Қамалиб чиққан давлат раҳбарлари
Архив фото/АКИpress

Қирғизистон сиёсий ҳаёти ажойиботларга тўла давлат. Ҳар 10 йилда бир давлат тўнтариши, мунтазам митинглар уюштирилиб туриладиган бу мамлакатда президент не-не умидлар билан юрт бошқарувига чиқарилади ва яна шунча нафрат билан қувиб юборилаверади. Амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровнинг яқинда ҳам қамоқда ўтиргани, тушкунликдан ҳатто ўз жонига қасд қилишга урингани ҳам Қирғизистон сиёсат олами ақл бовар қилмас ҳолатларга бойлигини англатади. Лекин дунё тарихида панжара ортидан чиқиб келиб, давлатнинг энг юқори лавозимини эгаллаган инсонлар талайгина.

Кўпчилик тарихда қамоқ мазасини тотиб, давлат бошқарувига келган Ленин, Сталин, Гитлер, Тито, Муссолини кабиларни билади. Аммо яқин ўтмишда ҳам бундай давлат раҳбарлари бўлган. Қуйида президентлиги даврида ёки тахтдан тушганидан сўнг қамалганлар эмас, айнан ҳокимият тепасига келгунча панжара ортидаги ҳаётни кўрган ҳукмдорлар ҳақида ўқийсиз.

Фидел Кастро

Фото: Getty Images

Кубанинг машҳур йўлбошчиси 1953 йилда, 26 ёшида Фульгенико Батиста ҳукуматига қарши исён кўтаради ва тарафдорлари билан Монкада казармасига ҳужум уюштиради. Жангда енгилган Кастро тез орада қўлга тушади ва судда “Тарих мени барибир оқлайди”, дея оташин нутқ ирод қилади. 15 йилга қамалган Фиделни исёнчилар хавф туғдирмайди, деб ўйлаган Батистанинг ўзи 1955 йилда афв этади. Орадан 4 йил ўтиб Кастро ўз тарафдорлари билан давлат тўнтариши уюштиришга муваффақ бўлади.

Уго Чавес

Фото: AP Photo / Fernando Llano

Венесуэлани 1999 йилдан 2013 йилга қадар бошқарган полковник Чавес 2 йил давомида ўз ғояларини панжара ортида тоблаган. 1992 йилнинг 4 февралида Уго Чавес бошлиқ қўшинлар пойтахт Каракасга кириб келишади. Бироқ кўпчилик кутганидек Чавес ҳокимиятни эгалламайди, аксинча, ҳаммасини қайта қуриш ва миллий ассамблея тузиш таклифи билан чекланади.

Худди шу куннинг чошгоҳида у қуролини топширади ва тарафдорларини ҳам шунга чақиради. Аммо бир қарашда олийжаноблик кўринган бу таслим бўлиш ҳибсга олиниш билан якунланади ва Чавес кейинги икки йилни қамоқда ўтказади.

Нельсон Мандела

Фото: Leon Neal/AFP/Getty Images

ЖАРнинг биринчи қора танли президенти, 1994-1999 йиллар оралиғида давлатни бошқарган. 1962 йилда 17 ойлик қочиб юришдан кейин Мандела қўлга олинди ва Йоханнесбургдаги қамоққа ҳибс қилинди. Унга ишчилар ғалаёнини уюштириш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш каби айбловлар қўйилди ва суд қилиниб, 5 йилга ҳукм ўқилди. Аммо кейинчалик унинг фаолияти бўйича суриштирувлар олиб борилди ва давлат тўнтаришига уриниш, мавжуд тузумни куч билан ағдаришга оид қўшимча айбловларга кўра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Апартеид тузумга қарши кураши, асосан, бир кишилик камерада умрининг 27 йилини ўтказгани ва метин иродаси туфайли у дунёвий шуҳратга эришди. Унинг ягона ҳуқуқи 6 ой давомида бир ташриф қабул қилиш ва битта мактуб жўнатишдан иборат бўлган.

Аммо озодликка чиққанидан кейин у инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси тимсолига айланди ва 1993 йилда Нобел мукофоти совриндори бўлди.

Вацлав Ҳавел

Фото: Getty Images

1989 йилнинг 29 декабрида Чехословакия тепасига социалистик тузумнинг ашаддий танқидчиси бўлган драматург Вацлав Ҳавел чиқди. Бирор сиёсий тажрибаси бўлмаса-да, оташин нутқлари билан сайловчилар эътиборини қозона олган Ҳавел кўп ўтмай мураккабликларга дуч келди. Социалистик тузум адо бўлган, лекин ҳали кўпчилик орзу қилган капитализмга ҳам жуда йироқ эди. Бунинг устига яхлит давлат иккига – Чехия ва Словакияга бўлиниб кетди. Шундай бўлса-да, Ҳавел Чехия президенти бўлиб қолди ва озодлик куйчиси сифатида тарихга муҳрланди. Пойтахт Праганинг халқаро аэропорти Вацлав Ҳавел номини олган.

Аммо Ҳавелнинг ҳаёти бу қадар текис кечмаган. Антикоммунистик қарашлари туфайли у 1977 йилда “Хорижда республика манфаатларига тажовуз қилиш” деган ғалати айблов билан 14 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Орадан кўп ўтмай бу айбловга “Давлат ишчисига тажовуз” деган яна бири қўшилади ва энди жазо реал қамоққа айланади. 1979 йилда эса янада жиддий “Давлат тузумини ағдаришга уриниш”да айбланади ва 4,5 йилга кесилиб кетади. 1989 йилда у яна бир қисқа муддатли ҳибсни бошдан кечирди ва шу йилиёқ Чехословакиянинг сўнгги 40 йилдаги илк коммунист бўлмаган президентига айланди.

Виктор Янукович 

Фото: lenta-ua.net

Юқоридаги давлат раҳбарлари ўз сиёсий қарашлари учун қамоққа равона бўлган бўлсалар, жаноб Янукович ўзининг безорилиги учун жазоланган. Украинанинг собиқ президенти ёшлигида панжара ортига икки марта тушишга улгурган. 2002 йилнинг 18 ноябрида, премьер-министрликка тайинланишидан олдин у Радага тақдим қилган таржимаи ҳолида 1968 йилда вояга етмаганлар колониясида жазо ўтагани ва 1970 йилда эса иккинчи бор бир кишига ўрта даражадаги тан жароҳати етказгани учун қамоққа тушганини билдирган.

 Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top