19:33 / 26.03.2021
1945
Қаршида Марказий Осиёдаги энг йирик Америка бурчаги очилди
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қарши шаҳрида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (AMERICAN COUNCILS) ташаббуси доирасида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Америка бурчаги очилган. Унда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ҳам қатнашган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, мазкур маскан Қарши шаҳридаги Баркамол авлод мактаби биносининг иккинчи қаватида очилган. Америка бурчаги кутубхона, компьютер лабораторияси, анжуманлар зали ҳамда АҚШда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича таълим олмоқчи бўлган ёшларга бепул маслаҳат кўрсатувчи EducationUSA маркази синфхонасидан иборат.

Мазкур маскан АҚШдаги таълим даргоҳларига мос услубда қайта қурилиб, замонавий компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган, юқори тезликдаги интернетга уланган.

Лойиҳа ташаббускорларига кўра, Америка бурчагининг умумий майдони 320, фойдаланиш майдони эса 230 квадрат метрга тенг ва у Марказий Осиёда фаолият юритаётган шу каби масканлар орасида энг йириги ҳисобланади.

Қайд этилишича, бу ерда барча учун инглиз тилидаги анъанавий ва электрон китоблар ҳамда таълим ва маданиятга оид бошқа ресурслардан, шунингдек, компьютер лабораториялари хизматидан бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Айни пайтда янги марказда инглиз тилини ўрганиш бўйича клублар ташкил этиш, шу тилдаги фильмлар намойишларини ўтказиш, америкалик экспертлар иштирокидаги турли дастурларни амалга ошириш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, Америка бурчагида танлов асосида саралаб олинган маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Фулбрайт дастури бўйича Ўзбекистонга келиб, бевосита Қашқадарёда фаолият юритаётган америкалик ўқитувчилар ҳам таълим беради. Шунингдек, бу ерда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва Америкадан ташриф буюрган таниқли шахслар – ёзувчилар, мусиқачилар ва бошқалар иштирокида ҳам турли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, Қарши шаҳридаги Америка бурчаги дунёнинг 140дан ортиқ мамлакатларида очилган 600дан зиёд шу каби марказлар тармоғига қўшилган. AMERICAN COUNCILS’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Уильям О’Роаркнинг айтишича, тез орада Ўзбекистоннинг яна бир қанча шаҳарларида ҳам Америка бурчаклари очилиши мўлжалланмоқда. Хусусан, шу йилнинг охиригача бундай маскан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаши мумкин.

Top