19:29 / 27.03.2021
4414
4-синф битирувчиларини фанлар бўйича ихтисослашган синфларга саралаб олиш механизми тасдиқланди

Умумтаълим мактабларининг ихтисос-синфларига ўқувчиларни саралаш мезонлари ихтисослашган мактабларга ўқишга қабул қилиш мезонлари билан бир хил бўлади.

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактаблари 4-синф битирувчиларини фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларга саралаб олиш тизими жорий этилади.

26 март куни бу ҳақда Таълим инспекцияси, Давлат тест маркази, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг қўшма қарори қабул қилинди.

Қарор билан, 4-синф битирувчилари ўқишни келгусида ихтисослашган синфларда давом эттириши учун саралаб олиш тизими ва ихтисослашган синфларни ташкил этиш мезонлари тасдиқланди.

Белгиланишича, ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда, ихтисослашган синфлар қуйидагича ташкил этилиши мумкин:

  • ўқувчиларнинг ақл-идрок даражаси ва эришган натижалари асосида муайян фанларга ихтисослашган доимий синфлар;
  • ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишидан келиб чиққан ҳолда муайян фан доирасида турли синфлардан гуруҳлар кўринишида жамланадиган ўзгарувчан синфлар.

Ўрта мактабларнинг 4-синф битирувчиларини фанлар бўйича саралаш ва йўналтириш – ўқувчиларнинг қизиқиши ва майлларини аниқлаш бўйича Республика ташхис маркази ишлаб чиққан психологик-педагогик диагностика методикаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Фанлар бўйича ихтисослашган синфларга ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш, тегишли фанлардан синовлар ўтказиш ва ўқувчиларни ихтисослашган синфдан четлатиш – ХТВ ва ДТМ 2011 йил 26 декабрда тасдиқлаган Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфларига, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низоми асосида амалга оширилади.

Фанлар бўйича ихтисослашган синфларнинг йўналишлари рўйхатини ХТВ ва Таълим инспекцияси белгилайди.

Фанлар бўйича ихтисослашган синфлар ташкил этиш имконияти бўлмаган мактабларда махсус фан тўгараклари йўлга қўйилади.

Top