10:25 / 27.03.2021
2112
“Ўзбекнефтгаз” раиси нефт ва газ конларида рақамли моделлаштириш бўйича ишлар ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев нефт ва газ соҳасининг миллий рақамли маълумотлар базасини яратиш, углеводород конлари ҳамда янги майдонларни рақамли моделлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганди.

Жаҳондаги илғор компанияларнинг энг сўнгги дастурий таъминотлари, серверлар ва компьютер технологиялари харид қилиниб, соҳа мутахассислари маҳаллий ва хорижий компанияларда қайта тайёрланиши натижасида ҳозирда Ўзбекистонда ягона бўлган миллий маълумотлар базаси ҳамда конларни рақамли моделлаштириш маркази ташкил этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ушбу моделлаштириш марказида бўлиб, дастлаб марказдаги ишларнинг самарали ташкил этилганлигини кўздан кечирди.

Марказда миллий маълумотлар базасини мукаммаллаштириш, моделлаштириш жараёнларини такомиллаштириш ва уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш орқали барча жараёнларни узвий боғлаш, шунингдек, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида хизмат сафари билан бўлиб турган хорижий компания вакиллари билан суҳбатлашиб, ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси йўналишларини муҳокама қилди.

Шундан сўнг, жойлардаги қудуқларни бурғилаш жараёнларини замонавий технологиялар ёрдамида масофадан туриб онлайн назорат қилиш ва бу орқали келгуси тадбирларни мақсадли режалаштириш бўйича ташкил этилган ишларининг ҳолати билан танишди.

Мутахассислар томонидан бурғилаш ишларини онлайн назорат қилиш бўйича янги лойиҳани амалга ошириш натижасида олинган дастлабки натижалар, Устюрт регионидаги “Шарқий Бердақ” конининг 92-сонли ва Бухоро-Хива регионидаги “Шўртан” конининг 354-сонли қудуқлари мисолида намойиш этилди.

Ҳозирда ушбу қудуқларнинг энг муҳим нуқталарида кузатув камералари ҳамда геологик-техник тадқиқотлар станциясининг назорат-ўлчов ускуналари ўрнатилган бўлиб, улардан онлайн тарзда, ҳар 10 секунд оралиқ билан келаётган 20 турдан ортиқ бурғилаш маълумотлари тезкор тарзда таҳлил қилиниши билан бир вақтда бажарилаётган ишларнинг келгуси йўналишларига аниқлик киритилмоқда.

Бошқарув раиси ушбу ишларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берган ҳолда уларни мунтазам равишда давом эттириш, юзага келаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича марказ мутахассисларига зарур кўрсатмалар берди.

Ўрганиш давомида, Меҳриддин Абдуллаев конларни моделлаштириш ишларининг ҳолати ва марказнинг келгуси режалари билан қизиқди.

Бу борада 2020 йилда 350 мингдан ортиқ маълумотлар миллий маълумотлар базасига рақамли форматга ўтказилган ҳолда киритилиб, 100 та коннинг геологик ва 10 та коннинг гидродинамик моделлари ишлаб чиқилди.

Конларни моделлаштириш асосида 2021 йилда 164 та янги қазиб чиқариш қудуқларини бурғилаш бўйича асосли тавсиялар ишлаб чиқилиб ўтган уч ойга яқин вақт ичида уларнинг деярли 30 фоизи бўйича амалий ишлар бошланди.

Ушбу даврда, шунингдек, яна 5 та коннинг геологик, 6 та коннинг гидродинамик ва 5 та коннинг тармоқ моделлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекнефтгаз” АЖ Конларни ишлатиш департаменти моделлаштириш бўлимининг мутахассислари томонидан 2021 йилнинг 19 март куни очилган “Ижобат” янги газ конденсат конининг рақамли-геологик модели ҳам қисқа фурсатларда ишлаб чиқилди ва натижада коннинг геологик тузилиши аниқлаштирилди ҳамда ушбу конда олиб борилиши зарур бўлган келгуси тадбирлар, шу жумладан, кейинги 2-қидирув қудуғини бурғилаш нуқтаси ҳам аниқлаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ушбу бўлим мутахассислари томонидан мавжуд конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш, улар ҳудудида янги истиқболларни қидириш, шунингдек янги йўналишларни аниқлаш борасида олиб борилаётган ишларни амалга ошириш, бу борада олинган дастлабки натижаларни кўздан кечирди.

Бу йўналишда углеводород қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастури доирасида “Сомонтепа” конида 130-сонли қудуқни бурғилаш ва синаш ишларининг натижалари ҳамда ишларнинг келгуси йўналишлари тақдим этилди.

“Сомонтепа” кони 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилишига қарамасдан мавжуд маълумотларнинг геологик таҳлилига асосланган ҳолда ушбу коннинг ҳозирда ҳам жуда катта табиий газ қазиб чиқариш истиқболларига эга эканлиги кўрсатиб берилди.

Шу билан бирга, бу коннинг Ўзбекистон ва Туркманистон давлат чегарасида жойлашганлиги сабабли уни ишлатишда ва захираларни мақсадли ўзлаштириш борасида юзага келаётган қийинчиликлар тўғрисида маълумотлар берилди.

“Сомонтепа” конининг мавжуд захираларни ўзлаштириш ҳамда қуйи юра қатламларининг чуқур қисмида янги маҳсулдор қатламларни аниқлаш мақсадида, бурғиланаётган 130-сонли қудуқни 2950 метргача чуқурлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва ҳозирда у 2800 метргача бурғиланди.

Ушбу қудуқни самарали бурғилаш ва маҳсулдор қатламларни синаш ишларини мукаммал ташкил этиш натижасида, коннинг янги истиқболларини аниқлаш ҳамда табиий газ ва газ конденсати маҳсулотлари қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш таъминланади.

Марказ мутахассислари томонидан ушбу коннинг чуқур ер ости тузилишини батафсил ўрганиш, унинг қўшимча истиқболларни кашф этиш ва бу орқали углеводородларнинг янги захираларини аниқлаш ва қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида бу ерда мукаммал сейсмик-қидирув ишларини амалга ошириш зарурияти юзага келаётганлиги қайд этилди.

“Сомонтепа” конидан табиий газ қазиб чиқаришни самарали ташкил этиш, юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкор бартараф этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Шундан сўнг, Бошқарув раиси “PIPESIM” дастурида тайёрланган “Шўртан” кони тармоқ моделининг яратилиши ва уни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ишларининг ҳолатини ўрганди.

Тармоқ моделида “Шўртан” конининг устки қисмида мавжуд 170 дан ортиқ қудуқлар ва уларнинг барча маълумотлари рақамлаштирилиб улар газ етказиб бериш қувурларининг жорий ишчи ҳолати билан уйғунлаштирилган.

“Шўртан” конидаги барча жараёнларни яхлит тизимга бирлаштириш натижасида, уларни соддалаштириш бўйича тадбирлар тақдим этилди.

Мутахассислар томонидан тақдим этилган ишларда келгусида ушбу кондан углеводород қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида кон ҳудудида олиб бориш учун ишлаб чиқилган зарур техник тадбирлар намойиш этилди.

Меҳриддин Абдуллаев ушбу масалага “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги бошқа департаментларни жалб этган ҳолда, кондаги қазиб чиқариш бўйича барча тадбирларни соддалаштириш ҳамда барча имониятларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

Конларни рақамли моделлаштириш бўйича ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси мутахассисларга амалга ошираётган ишларида муваффақият тилаб, эришилган натижалар билан кифояланиб қолмаслик зарурлигини, бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва доимий равишда юқори даражада амалга ошириш йўлида барча шароитлар яратиб берилишини қайд этди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Top