09:12 / 29.03.2021
1529
Ўзбекистонда аттракционлар хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламент ишлаб чиқилди
Фото: ТАСС

Вазирлар Маҳкамасининг “Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • “Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент тасдиқланади;
  • техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгандан кейин амалга киритилади.

Умумий техник регламент Ўзбекистон ҳудудида биринчи марта муомалага чиқарилган аттракционларга қўлланилади.

Техник регламент инсон ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулкини ҳимоя қилиш учун аттракционлар хавфсизлигига қўйилган талабларини белгилайди, шунингдек, фойдаланувчиларни улар хавфсизлиги билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари ҳақида огоҳлантириш ва олдини олиш талабларини ўрнатади.

Стационар аттракционлар (пойдеворда ёки пойдеворсиз йиғилган) қуйидаги турларга бўлинади:

а) механизацияланган илгариланма ҳаракатли (шу жумладан, сувда фойдаланиладиган) аттракционлар;

б) механизациялаштирилган айланма ҳаракатли аттракционлар;

в) механизациялаштирилган мураккаб ҳаракатланувчи аттракционлар;

г) автодром ва картинглар;

д) ҳаво билан тўлдирилган аттракционлар;

е) механизациялашмаган сув аттракционлари;

ж) механизациялашмаган аттракционлар;

з) болалар учун мўлжалланган аттракционлар.

Регламент болалар ўйин майдончалари ва потенциал биомеханик хавфи паст (RB-4) бўлган аттракционлар ҳамда техник регламент кучга киргунга қадар ишлаб чиқарилган ва фойдаланишга топширилган аттракционларга нисбатан қўлланилмайди.

Aгар аттракционларнинг айрим қисмларига нисбатан республика бошқа техник регламентлари қабул қилинган ва кучга кирган бўлса, аттракционлар бундай қисмлари ушбу техник регламент талабларига ва уларга тегишли бўлган бошқа техник регламентга ҳам мувофиқ бўлиши керак.

Аттракционлар идентификацияси уларнинг техник регламентни қўллаш доирасига киришини аниқлаш учун ўтказилади.

Аттракционларни идентификация қилишда белгилар, уларнинг тури, потенциал биомеханик хавф даражаси, шунингдек йўловчиларга биомеханик таъсир тури ва қиймати ҳисобланади.

Қуйидаги мақсадларда аттракцион идентификация қилинади:

а) Ўзбекистон ҳудудида муомалага тақдим этувчи ишлаб чиқарувчи (сотувчи);

б) сертификатлаштириш органи - маҳсулот мувофиқлигини баҳолаш ва тасдиқлаш;

в) давлат назорати органи - техник регламент талабларига мувофиқлигини текшириш.

Aттракционлар идентификацияси қуйидаги усуллардан бири ёки улар комбинацияси ёрдамида амалга оширилади:

а) ҳужжатлар билан идентификация қилиш (фойдаланиш ҳужжатларида кўрсатилган аттракцион тури ва хили, шунингдек техник тавсифларни техник регламентда назарда тутилган маълумотлар билан таққослаш);

б) ташқи кўрик методи (фойдаланиш ҳужжатларида келтирилган тавсиф билан аттракцион ташқи кўринишини таққослаш);

в) инструментал усул (ўлчамларни ўлчаш ёки фойдаланиш ҳужжатларида кўрсатилган техник тавсифларни аттракционларни синаш натижасида олинган маълумотлар билан таққослаш).

Аттракционлар техник регламент талабларига ва бошқа уларга тегишли бўлган кучга кирган техник регламентлар талабларига жавоб берганда ҳамда регламент бўйича мувофиқликни баҳолаш бўйича зарур процедуралардан ўтгандан кейин муомалага чиқарилади.

Top