12:46 / 29.03.2021
3487
Қибрай туманида қурилиши режалаштирилаётган ИЭС'нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Маҳаллий фуқаролар билан очиқ суҳбат

24 март куни Тошкент вилояти Қибрай туманида 240 МВт қувватга эга Иссиқлик Электр Станцияси (ИЭС) қурилиш лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда лойиҳа раҳбарлари ва маҳаллий фуқаролар иштирок этишди. Лойиҳа ташкилотчиларининг сўзларига кўра, лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири жуда паст. Шундай бўлса-да, маҳаллий фуқароларда туғилаётган кўплаб саволларга жавоб бериш мақсадида очиқ суҳбат ташкил этилди.

Туркиянинг «Cengiz Enerji» компанияси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида Инвестиция келишувига асосан «Cengiz Enerji» ва «CENERGO» МЧЖ маҳаллий лойиҳа компанияси билан биргаликда Қибрай тумани Тошкент ИЭС ёнидан 3,8 гектар ерда қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ (бирлаштирилган цикл) ИЭС қурилиши режалаштирилмоқда.

2021 йил 2 февралда лойиҳани амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4971-сонли қарори қабул қилинди.

24 март куни «Cengiz Enerji» ва «CENERGO» МЧЖ вакиллари томонидан лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири бўйича маҳаллий фуқароларга тақдимот қилинди. Унда лойиҳа раҳбарлари ИЭС қурилиши бўйича юзага келадиган саволларга жавоб беришди.

«Тошкент вилояти Қибрай туманида 240 МВт ёпиқ циклда буғ-газ электр станцияси қурилиши лойиҳаси кўзда тутилмоқда. Шу лойиҳа доирасида чет эл инвестициясидан 150 млн доллар ўзлаштириш назарда тутилган. Лойиҳанинг совуқ ишга тушириш вақти 2021 йил декабрга мўлжалланмоқда. Лойиҳа ишга тушганидан сўнг 400 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Бу лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири ўрганилди. Барча ташкилотларнинг керакли рухсатномаси олинганидан сўнг қурилиш ишлари бошланиши кўзда тутилган» - деди Cengiz Enerji компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Отабек Лутфуллаев.

Дастлабки расмий маълумотларга кўра, Қибрай туманида қурилиши режалаштирилаётган ёпиқ циклдаги буғ-газ электр станцияси йилига 1,9 млрд кВт электр энергияси ишлаб чиқаради.

Лойиҳа қуввати 240 МВт бўлган бирлаштирилган циклдаги иссиқлик электр станциясининг қурилиши ҳар бири 100 МВт қувватга эга 2 та газ турбина агрегати ва 40 МВт қувватга эга битта буғ турбинаси агрегатини ўрнатиш билан тўлиқ цикл 240 МВт қувватга эга инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади.

Лойиҳанинг ижтимоий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

  • Истеъмолчиларга ишончли ва барқарор электр таъминоти;
  • Электр ва иссиқликка бўлган талабнинг ўсишини қондириш;
  • Аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини қисман ҳал этиш (янги 400 иш ўринларини яратиш);
  • Кадрларни янги турдаги станцияларни эксплуатация қилишнинг замонавий технологиялари кўникмалари тайёрлаш.

Ҳозирча лойиҳанинг биринчи тақдимоти шу ерда яшовчи фуқароларга ўтказилиб, таклиф ва эътирозлар ёзиб олинди. Эндиликда олинган фикр ва мулоҳазалар ўрганилиб, лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top