17:48 / 01.04.2021
4666
Наманганда коронавирусга қарши эмлаш жараёни бошланди

Наманган шаҳридаги 14-оилавий поликлиникада илк эмлаш ишлари амалга оширилди ва 87 ёшли отахон Аҳмаджон Исмоилов энг биринчи бўлиб эмланди. 

 

«Биринчи келиб уколни олдим, ўзим талаб қилиб келдим. Негаки, аввал кoронавирусдан касалланиб, 45 кун даволанганман. Шунинг учун ҳам уйга доктор чақириб, биринчи эмланаман деб айтганман. Ҳозир аҳволим яхши, ўзимни яхши ҳис қиляпман», — деди Аҳмаджон Исмоилов.

Биринчи босқичда вилоят бўйича 106 минг нафардан зиёд 65 ва ундан катта ёшдаги кексалар эмланади.

«Наманган вилояти бўйича 236 та эмлаш пункти шай ҳолатга келтирилган. 293 та эмлаш бригадаси шакллантирилган. Уларга энг малакали шифокорлар, тиббиёт ходимлари жалб этилган ва 54 та мобил гуруҳ ташкил этилган. Бу гуруҳлар зарур ҳолларда тегишли жойларга бориб аҳолини вакцинациядан ўтказади», — дейди Наманган вилояти ССБ ахборот хизмати раҳбари Абдулла Ғозиев.

c2F6uGqCjTRhmHuUf5kcgLXDtKBCRa9K.jpg (900×600)

Наманган шаҳрида 21 та эмлаш пункти ташкил этилган бўлиб, ҳар бир пунктда иш куни давомида 70 нафар аҳоли эмланади.

14-оилавий поликлиника эмловчи ҳамшираси Матлуба Дадахонованинг маълумот беришича, коронавирусга қарши эмланганларнинг ҳолати яхши, алоҳида дам олиш хоналарида назоратда бўлишгандан сўнг, уйларига яхши кайфиятда кетишган. Вакцина қабул қилганлар уч кун мобайнида назоратда бўлиб, улардан патронаж ҳамширалар хабар олиб туришади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top