20:59 / 02.04.2021
11265
Хитой-Эрон стратегик шериклиги Яқин Шарққа қандай таъсир қилиши мумкин?
Фото: Reuters

Ўтган ҳафтада Хитой ва Эрон ўртасида муҳим келишув имзоланди. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Ван И ва Муҳаммад Жавод Зарифнинг сўзларига кўра, ушбу келишув билан «25 йил давом этадиган стратегик шериклик» ўрнатилди.

Шартноманинг тафсилотлари ҳали маълум қилинмаган, аммо Хитой АҚШ томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтиш орқали Эрондан нефть сотиб олади ва эвазига Эронга сармоя киритади. Чунки Эрон санкциялар туфайли хорижий сармоялардан маҳрум бўлмоқда.

Ушбу шартнома Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» номи билан танилган улкан инфратузилма лойиҳасининг бир қисмидир. Ушбу лойиҳа орқали Пекиннинг глобал куч сифатида «қулоч ёзиш»да давом этишига имкон берувчи алоқаларни яратиш мақсад қилинган.

Ўтган йили мазкур ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси ошкор бўлганда баъзи эронликлар Хитойнинг мақсадларига шубҳа билан қарашганди. «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси бўйича тузилган шартномалар, асосан, Хитойга фойда келтиради.

Баъзи кичик ва камбағал мамлакатлар (кўплаб мамлакатлар Хитойдан кичик ва камбағалроқ) аввалбошда жозибали кўринадиган ушбу шартномаларни имзолагач, ўз «бўйларидан баланд» ишга кириб қолганликларини англашди.

Гарчи, Хитойдан кичикроқ бўлса-да, табиий бойликлари ва фаол ташқи сиёсати билан ҳамон катта давлат мақомида турган Эрон учун вазият бошқачароқ. Хитой билан келишув Эроннинг АҚШ билан зиддиятида ҳам ўзига хос рол ўйнайди. Эрон ҳам, Байден маъмурияти ҳам Эроннинг ядро фаолиятини тартибга солувчи Кенг қамровли қўшма ҳаракат режаси (JCPOA – The Joint Comprehensive Plan of Action) келишувига АҚШнинг қайтадан қўшилишини эълон қилганди.

АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп ушбу келишув Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига тўсқинлик қилиш ўрнига аксинча бу жараённи янада осонлаштираётганини иддао қилиб, 2018 йилда келишувдан чиққанини эълон қилганди.

Музокараларда АҚШ ва Эрон бир-бирига интизорлик билан нигоҳини тикиб турибди, аммо икки томон ҳам биринчи бўлиб «киприк қоқмаслик»ка ҳаракат қилмоқда.

Эрон учун JCPOA тарафларидан бири бўлган Хитой билан стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш орқали нефть савдосини кўпайтириш - санкциялар туфайли вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш нуқтайи назаридан жуда муҳим аҳамиятга эга.

Аммо келишув бундан ҳам кўпроқ нарсани англатади. Ушбу битим орқали Эрон АҚШга қарши кўпроқ таъсир кучига эга бўлади.

Ўзидан олдинги икки президент сингари Байден ҳам ташқи сиёсат марказини Яқин Шарқдан узоқлаштириб, фойдали ва стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Осиё-Тинч океани минтақасига йўналтиришга ҳаракат қилмоқда.

Аммо амалда бу мумкин эмас, чунки Яқин Шарқда АҚШ манфаатлари учун жуда муҳим бўлган кўплаб нуқталар мавжуд. Улардан бири Эрон ва унинг ядровий мақсадларидир.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги рақиблари

АҚШ бу минтақадан на чекинди ва олдинга қадам босди. Бу ҳолат эса унинг Яқин Шарқдаги рақиблари учун янги имкониятлар яратди.

Россия Сурия масаласига аралашиш орқали собиқ совет иттифоқининг аввалги ролини тиклаш имкониятига эга бўлди.

Хитой эса АҚШ ўз истиқбол кучини йўқотди ва у қайтадан тиклана олмайди, деган фикрда. Шунинг учун ҳам бу мамлакат ўзини дунёнинг юксалиб бораётган кучи, деб билмоқда. Бундай улкан куч томонидан Яқин Шарқнинг эътиборсиз қолдирилиши эса мумкин эмас.

Кўрфаздаги стратегик ҳамкорлик Эронга қисқа муддатда эришиладиган фойда нуқтайи назаридан, Хитой учун эса узоқ муддатли мақсадга эришиш нуқтайи назаридан муҳимдир.

Хитойнинг Яқин Шарқдаги мақсадлари

Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг Яқин Шарқ бўйлаб қилган сафари фақат Теҳрон билангина чекланмаган.

Хитой Коммунистик партиясининг инглиз тилидаги нашри China Daily беш мақсадни ўз ичига олган режа Ван томонидан қандай изоҳланганига эътибор қаратди. Режанинг мақсади «Фаластин-Исроил мулоқотини такомиллаштириш, Эрон билан ядровий келишувни қайтадан бошлаш ва минтақада хавфсизлик тизимини яратиш орқали Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш» сифатида ифода этилмоқда.

Бу – Ғарб дипломатлари томонидан ҳам қўлланган иборалар. Совуқ уруш тугаганидан кейинги даврда АҚШ Яқин Шарқни ўз мулки сифатида кўра бошлади. Европа Иттифоқидаги иттифоқчиларига эса ушбу минтақага молиявий ёрдам кўрсатишдан бошқа имконият бермади.

Хитой Халқ озодлик армияси Қизил денгиз соҳилидаги Жибутида биринчи ҳарбий базани ташкил этди. Дунёдаги энг гавжум транспорт йўналишларидан бири бўлган ушбу нуқта АҚШ армиясининг Африка қўмондонлик базасидан 10 км узоқликда жойлашган.

Пекин АҚШ денгиз кучлари ўзига қарашли деб биладиган Форс кўрфазида Эрон қирғоғи учун ҳам худди шундай режалар тузаётган бўлиши мумкинми?

Байден маъмурияти JCPOA’га қўшилиш йўлини топиши мумкин, чунки бу АҚШга фойда келтиради. Бироқ АҚШ тобора юксалиб бораётган куч сифатида Хитойнинг дунёдаги энг беқарор минтақа – Яқин Шарқда ўзига жой очиш учун ҳаракат қилаётганига рози эмасдек.

Top