13:55 / 05.04.2021
2114
Хоразмда Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилди

Хоразмда физика-математика мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилди.

Хоразм вилоятининг Шовот туманида 45 йилдан бери фаолият юритиб келаётган физика-математикага ихтисослаштирилган мактаб-интернат негизида Ал-Хоразмий номли Халқаро мактаб-интернатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Мактабнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, ушбу мактабнинг собиқ битирувчиси, адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этди.

Бундан бир йил аввал президентнинг Хоразмга ташрифи чоғида алоҳида тилга олиб ўтилган ушбу мактаб негизида Халқаро мактаб-интернат ташкил қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди. Орадан бир йил ўтиб, ушбу замонавий, инновацион таълим даргоҳи педагоглар жамоаси ва ўқитувчиларга тантанали равишда топширилди.

Мазкур мактабни ҳозиргача тамомлаган 3 719 нафар ўқувчидан 3 014 нафари, яъни битирувчиларнинг 81 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган. 81 нафар ўқувчи математика ва физика фанларидан республика олимпиадаларида, 34 нафар ўқувчи эса халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этган.

Ҳозиргача мактабдан 105 нафар фан доктори ва фан номзоди етишиб чиққан. Шунингдек, мактаб битирувчиларидан 2 нафари сенатор, бир нафари президент маслаҳатчиси биринчи ўринбосари, бир нафари вазир, икки нафари банк раиси ва ўринбосари, 14 нафари ҳоким ва ўринбосар, 100 нафари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидир.

Мактаб ташкил этилган 1976 йилдан бери бирор марта ҳам капитал таъмирланмаган. Эндиликда, қисқа фурсатда замонавий типдаги мазкур смарт иншоот шинам ва кўркам кўринишда қад ростлади.

Майдони 32 минг квадрат метр бўлган замонавий кампусдан 7та блокдан иборат иншоотлар, хусусан, ўқув биноси, маъмурият, ошхона, 400 ўринли замонавий ётоқхона, меҳмонхона, спорт заллари ҳамда дам олиш масканлари жой олган.

Top