21:28 / 07.04.2021
2265
EMA AstraZeneca вакцинаси камдан кам ҳолатларда тромбозга олиб келишини тан олди

Европанинг дори воситалари бўйича агентлиги (ЕМА) АstraZeneca компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси Vaxzevria тромбоз ҳолатларига олиб келиши мумкинлигини тан олди ва буни вакцинанинг кам учровчи ножўя таъсирлари қаторига киритди.

Фото: Getty Images

Ушбу қарорни EMA’нинг хавфсизлик бўйича қўмитаси қабул қилди.

EMA’да таъкидланишича, вакцина билан эмланганларда жуда кам ҳолатларда тромблар ҳосил бўлади, бироқ унинг фойдаси ножўя таъсирлар пайдо бўлиши хавфидан анча юқори. 

EMA маълумотларига кўра, Европанинг маълумотлар базасида вакцинани қўллашдан кейин эмланганларда тромбоз ҳосил бўлгани кузатилган 222та ҳолат қайд этилган. Кўп ҳолатларда тромблар 60 ёшдан кичик аёлларга вакцинанинг биринчи дозаси киритилгандан кейин 2 ҳафта ичида ҳосил бўлган.

 Шу сабабли агентлик шифокорларни эмланганларда тромбоэмболия ва тромбоцитопения аломатлари пайдо бўлиши ортидан синчковлик билан кузатишга чақирган.

“Қон қуйқалари ва тромбоцитлар даражаси пасайиши аломатларини ўз вақтида аниқлаб ва буни даволашни бошлаб, шифокорлар жабрланганларга ёрдам беришлари ва уларни оғир асоратлардан асрашлари мумкин”, дейилган EMA хабарида.

Шу билан бир қаторда, вакцина билан эмланганларга ўзларининг аҳволлари ортидан кузатиш ва қуйидаги белгилар пайдо бўлганда дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш тавсия қилинган: нафас сиқиши, кўкрак соҳасида оғриқ, оёқларда шиш пайдо бўлиши, қорин соҳасида оғриқ, кучли ва доимий бош оғриши, тери остида майда қон доғлари пайдо бўлиши.

6 апрелда EMA’нинг эмлаш ва инфекцияларга қарши курашиш бўлими бошлиғи Марко Кавалери AstraZeneca вакцинаси қўлланиши ва тромбоз ҳосил бўлиши орасида боғлиқлик борлигига шубҳа қилмаслигини айтганди.

 “Фикримча, энди биз бу ерда вакцина билан боғлиқлик борлигини айта оламиз. Бироқ вакцинада бундай реакцияга айнан нима олиб келишини ҳозирча билмаймиз. Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, боғлиқлик бор, аммо биз бу қай тарзда юз беришини билмоғимиз лозим”, деб айтган Кавалери Il Messaggero нашрига берган интервьюсида.

 EMA март ойида AstraZeneca вакцинасини тромбоз ҳосил қилиши мумкинлиги билан боғлиқ ҳолда текширувдан ўтказган. Ўшанда Европанинг кўплаб давлатлари вакцинани қўллашни тўхтатиб туришга қарор қилганди. Кейинроқ EMA вакцинани хавфсиз деб топганди. Шундан кейин Франция, Германия, Испания, Португалия ва бошқа давлатлар вакцинани қўллашни давом эттирган. Бироқ Норвегия, Швеция, Финландия, Исландия ва Ирландия ҳамон вакцинани қўллашдан ўзини тиймоқда.

 Бундан ташқари, айни вақтда бир қатор давлатлар AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш бўйича бир қатор қўшимча чоралар кўрди. Жумладан, Британияда уни 30 ёшдан кичикларга қўлламаслик тавсия қилинди, Эстония ва Жанубий Кореяда эса 60 ёшдан кичикларга қўллаш тўхтатилди.

Аввалроқ AstraZeneca ўз вакцинаси номини Vaxzevria деб ўзгартирганди. Вакцинанинг аввалги номи Vaccine AstraZeneca бўлган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top