09:52 / 07.04.2021
3200
NASA Марсда вертолётининг илк парвозини амалга оширишга тайёрланмоқда  
Фото: AFP

NASA коинот агентлиги 11 апрелда Марсда Ingenuity (Топқирлик) деб номланган вертолётининг илк парвозини амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу Ер сайёрасидан ташқарида амалга ошириладиган тарихдаги илк парвоз бўлади.  

Вертолёт парвозини ижтимоий тармоқларда ва NASA сайтида парвоздан бир неча соат ўтиб кўриш мумкин бўлади.  

Агар парвоз белгиланган муддатда амалга ошса, унда илк маълумотлар Ерга 12 апрелдаёқ келиши мумкин. 

Вертолётнинг биринчи парвози 3 метр баландликда ўтади ва 20-30 сония давом этади. Кейинги парвозлар давомида парвоз баландлигини 5 метргача ошириш режалаштирилган. 

Айни вақтда парвоз учун мос учиш-қўниш майдончаси танланган. Парвозгача қолган кунлар ичида бу майдонга марсоход етиб келиб, у ерга вертолётни тушириши керак бўлади. Сўнгра вертолёт қуёш панеллари ёрдамида бир кун давомида қувватланади.  

Парвоз қурилмаси Қизил сайёрага 18 феврал куни Perseverance марсоходи ёрдамида етказилганди. Марсоход парвоз вақтида вертолётга кўмак кўрсатади, атроф-муҳит ҳақида маълумотлар тўплайди ва вертолётнинг Ердаги диспетчерлар билан алоқа олиб бориши учун станцияни жойлаштиради. 

Бироқ таъкидланишича, парвоз санаси ўзгартирилиши ҳам мумкин. Аниқ санани вертолётнинг веб-саҳифасидан билиб олиш мумкин бўлади.  

Ingenuity қурилмаси диаметри 1,2 метрни ва оғирлиги 1,8 кгни ташкил қилади. У иккита камера билан жиҳозланган ва суратга олиш учун ҳавода 20-30 сониягача қола олади.  

Ingenuity Марсда 31 кун иш олиб боради. Қурилма парвозлар вақтида атроф-муҳитнинг аэрофотосъёмкасини олиб боради.

Top