22:09 / 08.04.2021
12950
«Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувидан кейин 7 киши жавобгарликка тортилди

«Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан (1:2) кейинги тартибсизликларда қатнашган етти нафар фуқаро жавобгарликка тортилди.

Наманган шаҳридаги «Навбаҳор» стадионида «Навбаҳор» ва «Пахтакор» футбол клублари ўртасида 7 апрель куни ўтказилган ўйиндан сўнг юзага келган тартибсизликлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz’га ҳолат вазир ўринбосари Азиз Икромов томонидан назоратга олингани, тартиббузарликни юзага келтирган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, футбол учрашувидаги тартибсизликлар юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (безорилик) «в», «г» бандлари бўйича жиноий иш қўзғатилган. 

«Ҳозирга қадар 6 нафар фуқарони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 1 нафар фуқарони кодекснинг 183- ва 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда яна олти нафар шахснинг тартиббузарликка алоқадорлиги текширилмоқда.

Уларнинг сони анча кўп бўлиши эҳтимоли юқори. Сабаби айни пайтгача ҳодисага алоқадорлиги далиллар билан тасдиқланган шахсларнинг кўрсатмалари, қолаверса, ўйингоҳ мажмуасидаги камералар томонидан ёзиб олинган видеоёзувлар орқали тартиббузарликларнинг бошқа иштирокчилари қидирилмоқда, уларнинг шахсига ойдинлик киритилмоқда. Барча ишлар вазир ўринбосари Азиз Икрамов томонидан назоратга олинган.

Тартиббузарликни юзага келтирган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилгандан сўнг улардан тегишли тартибда кўрсатма олинади ва тўпланган ҳужжатлар ишга оид далиллар билан бирга судга тақдим этилади. Уларга нисбатан қандай жавобгарлик тайинланишини суд белгилайди», дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

7 апрел куни ўтказилган «Навбаҳор» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида Суперлиганинг 5-тур учрашувини 15800 нафардан ортиқ мухлис стадиондан туриб кузатиб борган. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида тошкентликлар жамоаси ҳужумчиси Сардор Рашидов рақиб жарима майдонида йиқитилгач, бош ҳакам Фирдавс Норсафаров VAR тизими орқали вазиятни кўриб чиқди ва пенальти белгилади. Бу қарор қабул қилиниши 5 дақиқадан ортиқроқ вақт олди. Меҳмонлар ҳужумчиси Драган Черан пенальтидан унумли фойдаланиб, жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.

Гол сўнгги дақиқаларда белгиланган пенальтидан урилгани мухлисларнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Учрашув якунлангач, кейин ҳакамлар ва «Пахтакор» футболчилари стадионни наманганлик мухлислар томонидан турли воситалар улоқтирилаётган ҳолатда тарк этишган. Наманган жамоаси мухлислари стадион ташқарисида ҳам тартибсизликлар юзага келтиришган. Ушбу жараён акс этган видео лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Аввалроқ ҳакамлар, «Пахтакор» ўйинчилари ва меҳмонлар фан-клубининг 35 нафар аъзоси назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилгани, фуқаролар ҳамда жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган ходимлар орасида ҳеч қандай талафот ёки тан жароҳат олиш ҳолатларига йўл қўйилмагани хабар қилинган эди

Top